Қозоқ чегарасида ўзбекистонликлар юз тутаётган порахўрлик

Би-би-сига мурожаат қилган Ўзбекистон фуқароларининг даъво қилишларича, қозоқ-ўзбек чегарасида камида икки йилдирки амал қилаётган коррупцион схема Ўзбекистон фуқароларини сарсон қилмоқда.

Уларга кўра, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон қонунларига бўйсунган равишда Қозоғистон ҳудудида бўлиш учун беш кун ичида полиция рўйхатидан ўтсалар ҳам, ватанга қайтишга уринганларида қозоқ чегарачилари уларнинг компьютердаги маълумотлар базасида йўқлигини айтадилар ва ҳибсга оладилар.

Шундай ҳолатни ўз бошидан кечирган Аҳмад (исми унинг хавфсизлик хавотирлари туфайли ўзгартирилди) Би-би-сига мурожаатида айтишича, у ўтган май ойида ўз қариндошларини кўргани бориб Қозоғистоннинг Ахсикент тумани полициясида рўйхатдан ўтган.

"Мен кейин 8 июнь куни Ўзбекистонга қайтиш учун Черняевкадаги чегарага бордим. Чегарачи паспортимни олди-да, сен қонунни бузибсан, компьютердаги база данныхда отинг чиқмаяпти деб, бошқа битта комиссия столига юборди. У ерга борсам, 30тача ўзбек гастарбайтерлар туришган экан. Мен рўйхатдан қонунан ўтгандим, нега чиқмаган билмадим, бир-иккита ҳариф нотўғри ёзилиб кетгандир... У болалар ҳам рўйхатдан ўтганмиз дейишди. Бизни уч соат шу ерда ушлаб ўтиришиб, кейин автобусга солиб Сариағаш ички ишлар бўлинмасига олиб кетишди", - дейди у.

Аҳмаднинг айтишича, Сариағаш ички ишлар бошқармасида улар судга тортилишлари айтилган, лекин кейин улар билан ҳеч ким мулоқот қилишни истамаган.

"Кун бўйи иссиқда ўтирдик, ҳар кимлардан сўрадик бизга нима бўлади деб, ҳеч ким билмади. Кейин шу атрофдаги уйлар бизнес қилиб олишган экан, бизга ўхшаган ўзбеклар уйларида ухлаб пул бераркан. Биз ҳам тўққизта бўлиб битта оилада қолдик. Кейин эртасига яна ички ишлар бошқармасига бордик, яна биз билан ҳеч ким гаплашгиси келмади. Бир-бирларига юбориб копток қилишди", - дейди у.

Унинг айтишича, Сариағаш полициясида улар билан ҳеч ким мулоқот қилишни истамаган бўлса, шу полиция биноси ва ташқарисида "ўралашиб юрган посредниклар" ўзбек гумондорларга пул эвазига паспортларини олиб чиқиб беришни таклиф қилганлар.

"Кўзимнинг олдида Қанат деган полициячи бир сўмка паспортни посредникка олиб чиқиб берди ва машина капотини устига ёйиб, пулни санаб олиб, кириб кетди. Битта паспортга 60 доллар тўларкансиз, кейин посредниклар сизни Қаплан чегара ўтиш жойидан Ўзбекистонга ўтказиб юборар эканлар", - дейди у.

Аҳмаднинг бахтига унинг Чимкентдаги қариндошлари келиб уни олиб кетганлар ва уни қайтадан Ахсикент полициясида аввалги сана билан рўйхатдан ўтказганлар. Шундан кейингина унинг паспорти Сариағашдан унга юборилган.

"Иккинчи марта ҳам Ўзбекистонга қайтишга уринганимда Черняевкадаги чегарачи база данныхда йўқсан деб турволди! Лекин бу сафар мен полициядан справка ҳам олиб олгандим, рўйхатдан ўтилди деган. Шу справкамни у "сен сотиб олгансан" деб қабул қилмади. Кейин қариндошларим қандайдир мансабдор танишларига телефон қилишди ва у одам чегарага телефон қилиб ўтказворишди", - дейди Аҳмад.

Қозоғистон ҳудудида беш кундан ортиқ қолиш учун керак бўлган полиция регистрацияси, айтилишича, бошқа ўзбекистонликларга ҳам чегарада ёрдам бермаяпти ва улар орасида қўшимча справка олиб олиш одатий тусга кирмоқда. Аммо, қозоқ чегарачилари бу справкани қабул қилмасликлари ҳам одатий тусга кирган.

Арздорларнинг айтишларича, кунига 200 нафарча ўзбекистонликлар чегарадан ватанга ўта олмай Сариағаш ички ишлар бўлинмасида қолиб кетишмоқда. Баъзи ҳолларда ўз паспортини "посредник" орқали сотиб олишга қурби етмаган меҳнат муҳожирлари ҳафталаб атрофдаги посёлкаларда қолиб кетишмоқда.

Қонунан рўйхатдан ўтган ўзбекистонликларнинг исми чегарачилар компьютерларида чиқмай қолаётгани техник хатоми ёки атайин ишлаб чиқилган коррупцион схема, бу ноаниқ.

"Ёлғон"

Би-би-си мазкур шикоятларни тақдим қилиш учун Жанубий Қозоғистон миграция полицияси бошқармасига мурожаат қилди, аммо бошқарма ходими бу масала уларга тегишли эмаслиги, бу билан чегара хизмати шуғулланиши лозимлигини айтди.

Би-би-си айни масалада Жанубий Қозоғистон вилояти Сариағаш тумани Ички ишлар бошқармасига ҳам мурожаат қилди.

Ўзини полиция майори Марат Сарсенов дея таништирган ходим барча шикоятлар "ёлғон" эканини айтди. Унинг айтишича, бир марта 2-3 кун давомида компьютердаги маълумотлар базаси ишламай қолган ва баъзи хорижий фуқароларнинг регистрацияси компьютерда кўринмаган.

"Мана бугун ҳеч ким йўқ бу ерда, биронта ҳам ўзбекистонлик йўқ бу ерда", - деди у.

Ўз полиция идорасидаги "посредник"лар ҳақидаги даъволарни ҳам майор Сарсенов рад этди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг