Қамоқдаги ҳуқуқ фаолининг муддати узайтирилди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг хабар беришича, Навоий вилоятидаги Қизилтепа туман маҳкамаси ҳуқуқ фаоли Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддатини яна 3 йилга узайтирган.

2009 йилда фирибгарликда айбланиб, 5,2 йилга озодликдан маҳрум этилган Ғанихон Маматхоновнинг келаси ой бошида озодликка чиқиши кутилаётганди.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Маматхоновнинг қамоққа ташланишига унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти сабаб бўлганини айтишади.

Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 64/29-сонли муассасада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли устидан навбатдаги маҳкама 30 май куни бўлиб ўтган.

Фарғоналик инсон ҳақлари фаолининг ҳозирда Каттақўрғондаги 7-сонли тергов изоляторида сақланаётгани айтилади.

Маматхоновга қўйилган янги айблов тафсилатлари маълум эмас, аммо Ўзбекистонда мухолифат ва ҳуқуқ фаолларини озодликка чиқиш арафасида қамоқхона тартибини бузганлик айби билан янгидан жазога маҳкум этиш ҳоллари кенг тарқалган.

Ғанихон Маматхоновнинг жазо муддати бундан аввал ҳам бир марта узайтирилган, 2014 йил мартида яқинлари унинг қамоқхона тартибини бузди, деган айблов билан тергов изоляторига ташланганини айтишганди.

63 ёшли маҳкумнинг рафиқаси Арофатхон Маматхонова эрининг аҳволи оғирлиги, унинг қон босими тез-тез ошиб кетаётгани ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Бош прокурор ва Олий суд раисига тўхтовсиз мурожаатлар қилиб келаётганди.

"Эзгулик"нинг хабар беришича, ҳуқуқ фаолининг жазо муддати узайтирилгани ҳақидаги хабар ортидан Арофатхон Маматхонова Республика Шошилинч Тез Тиббий Ёрдам Марказининг Андижон шаҳар бўлимига келтирилгани ва аҳволи оғирлигини айтмоқда.

Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини Ғанихон Маматхонов ва ўзбек қамоқхонасидаги бошқа фаолларни озод этишга чақириб келадилар.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг