UMS акцияларини сотиш устида бош қотиришаяпти

4 йил олдин камида 9 миллион мижозни мобил алоқасиз қолдирган МТС ширкати яна Ўзбекистондаги бизнеси улушларини сотиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Бу хабарлар Россиянинг МТС ширкати ва Ўзбекистондаги давлат мулозимларига таяниб тарқатилмоқда.

Ўзбек расмий мулозимлари ҳам, Москвадаги МТС ширкати ҳам ҳозирча Россия ахборот агентликлари, рўзномалар ва Интернет нашрлари тарқатаётган хабарларга расман муносабат билдиргани йўқ.

Россия "Интерфакс" ахборот агентлигининг МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - Universal Mobile Systems (UMS)даги манбага таяниб хабар қилишича, МТС ўзининг UMS даги акциялари улушини сотиш устида бош қотирмоқда.

"Интерфакс" ушбу хабарни Ўзбекистон технологиялар ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлигидаги ўз манбаси ҳам тасдиқлаганини ёзган.

2012 йилги можародан кейин 2014 йил 1 декабрида МТС Ўзбекистон мобил алоқа бозорига қайтган, Ўзбекистоннинг "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" давлат корхонаси билан бирга Universal Mobile Systems (UMS)га асос солган эди.

UMSнинг акциялар пакетида 50,01 фоиз МТСга, қолгани "Радиоалоқа, радиоузатиш ва телевидение" корхонасига тегишли бўлган.

МТСнинг 50,01 фоизлик улушлари Ўзбекистон тарафига "рамзий баҳога" сотилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу АҚШ Адлия вазирлиги МТСга нисбатан олиб бораётган аксилкоррупция текширувини ҳал қилиш мақсадида талаб қилинаётган шартлардан бири бўлиши мумкин, деб айтган Ўзбекистон технологиялар ва коммуникацияни ривожлантириш вазирлигидаги манба.

Ўтган йили АҚШ Оврўподаги беш мамлакатдаги жами 1 миллиард доллар атрофидаги маблағни ҳибс қилишни сўраб мурожаат қилган, бу активлар Ўзбекистоннинг телекоммуникация бозоридаги коррупция билан боғлиқ ишга алоқадор деб кўрилгани айтилган.

АҚШ Адлия вазирлигига кўра, ўзларининг ўтказган тергови натижасида Россиянинг Vimpelcom ва MTC ширкатлари, Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистондаги телекоммуникация шартномаларини қўлга киритиш учун Ўзбекистондаги амалдорларга пора берганлари аниқланган.

Vimpelcom Ltd ўз айбини тан олган ва Ўзбекистондаги "Билайн"нинг эгаси АҚШ Адлия вазирлиги, Қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар бўйича комиссия ва Голландия прокуратураси билан коррупцион текширувни ҳал қилиш мақсадидаги битимларни имзолаган.

Vimpelcom 795 миллион доллар тўлашга рози бўлган.

Бироқ МТС Америка тарафи ҳибсга олишни сўраган Оврўподаги активлар ўзига тегишли эмаслигини айтган.

МТС баёнотида айтилишича, "Оврўпонинг қатор мамлакатларида АҚШ давлат органлари ҳибсга олишда кўмаклашиш сўровини юборган активларнинг соҳиби эмас".

Хабар қилинишича, UMSнинг келажаги борасида иккита йўл кўриб чиқилаяпти.

Бирида ҳамма нарса ҳозиргидек қолади, иккинчисида МТС Ўзбекистондаги мобил алоқа бозорини ташлаб чиқиб кетади.

Ҳозирча бу борада бир қарорга келинмаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ