'Ваҳима қилишга мутлақо асос йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосари Шаҳрилло Маҳмудов аёллар жамоасидан Олимпиада йўлланмаси олиб қўйилганига оид хабарларга худди ана шундай муносабат билдирган.

Халқаро Оғир атлетика федерациясининг бу хусусдаги қарори ўтган ҳафта бошида маълум бўлган.

"Рейтер" ахборот агентлиги IWF га иқтибосан хабар бераркан, бунга бир неча допинг текширувларининг ижобий натижа бергани сабаб бўлгани ҳақида ёзганди.

Ўша пайтда бу ҳақдаги қарор IWF ижроий кенгашининг Тбилисида ўтаётган йиғинида қабул қилингани маълум бўлганди.

Хабарларга кўра, ушбу йиғилиш чоғида бошқа масалалар қаторида допинг муаммоси ҳам кўтарилган.

Допингга мутлақо тоқат қилмаслигини айтган IWF ҳозиргача допинг синовидан ўтолмаган жамоалардан 11 ўринни олиб қўйганини маълум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Уларнинг иккитаси Россия ва Қозоғистондан, қолганлари эса Озарбайжон, Шимолий Корея, Молдова ҳамда Беларус миллий терма жамоаларидан экани билдирилган.

IWF нинг допинг синовида ҳозирга қадар энг ёмон натижаларни қайд этган жамоа Қозоғистон миллий терма жамоаси бўлганди.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг расман билдиришича, бу каби хабарлар ортидан Халқаро Оғир атлетика федерациясинининг Тбилисидаги йиғинида бевосита иштирок этган Шаҳрилло Маҳмудов билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритган.

Тбилисидаги йиғилиш кун тартибидаги допингга қарши кураш масаласи бўйича билдирилган фикрлар, чиқарилган қарорлар ўзбек оғир атлетикачилари учун қай даражада алоқадорлиги билан қизиққан.

Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосарининг суҳбати тафсилотларидан маълум бўлишича, "мазкур воқеалар қисман ўзбек оғир атлетикасига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди".

Аммо, Шаҳрилло Маҳмудовнинг қатъиян айтишича, "ваҳима қилиш, шов-шув кўтаришга мутлақо асос йўқ"

Жаноб Маҳмудов ўз суҳбати жараёнида ўтган 8 йил давомида ўзбек спортчиларида ҳам эҳтиётсизлик оқибатида ман этилган тиклантирувчи воситалардан фойдаланилган ҳолатлар юз берганини тан олган.

Бунинг учун федерация ўз зиммасидаги масъулиятни ҳис қилиши ва бундан буён допингга қарши муросасиз курашга тайёр эканини ҳам билдирган.

Оғир атлетикада Олимпия йўлланмалари муайян бир спортчига эмас, жамоага берилишини назарда тутиб, Олимпиадага бориши мумкин бўлган ўзбекистонлик ҳеч бир спортчининг допингга тушгани йўқлигини ҳам айтган.

Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосарининг билдиришича, улардан ҳеч бири халқаро мусобақалардан дисквалификация қилинмайди.

"Фақат аёллар жамоамизнинг Олимпиада йўлланмаси олиб қўйилди, холос", - деб айтган Шаҳрилло Маҳмудов.

"Ўйлайманки, бу жазо биз учун у қадар кучли руҳий зарба бўла олмайди. Эркаклар жамоамизнинг 5 та йўлланмаси ўз жойида турибди. Олимпиадада эса, биз асосан йигитларимиздан юқори натижалар кутиб турибмиз", - дея қўшимча қилган федерация раиси биринчи ўринбосари.

Аммо, унга кўра, шунда ҳам бу сўзлар ўзларини оқлашлари учун асос бўла олмайди ва вазиятга тўғри баҳо беришлари лозимдир.

Шаҳрилло Маҳмудов худди шу ўринда Халқаро Оғир атлетика федерацияси спортчиларнинг допинг қабул қилишларига қарши жуда кескин кураш очганини таъкидлаган, фақат шу масалалар билан шуғулланувчи махсус комиссия иш бошлаганини ҳам билдирган.

Унинг сўзларидан маълум бўлишича, ҳозиргача қўлланилган жазо чораларидан оғир атлетика ривожланган ҳеч бир давлат бебаҳра қолмаган.

Шаҳрилло Маҳмудовга кўра, "Шунинг учун ҳам Ўзбекистон терма жамоасидан битта қизлар йўлланмасининг олиб қўйилиши адолатли ва оғир оқибатларга олиб келмайдиган қарор"дир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ўзбекистон Оғир атлетика федерацияси раиси биринчи ўринбосари спортчиларнинг қон таҳлилларини текширадиган ускуналар ҳозир, ҳатто, бундан 4 йил олдингисидан фарқ қилишини айтаркан, спорт мутахассислари орасида тиббий маданиятни, тиббий билимни ошириш жуда долзарб бўлиб бораётганини ҳам таъкидлаган.

"Маълум бўлишича, 2013 йил бизнинг ёш спортчиларимизга берилган аналгин, пенталгин сингари оддий - оғриқ қолдирувчи, юрак фаолиятини мўътадиллаштирувчи ёки микробларга қарши курашувчи дори воситалари таркибида ҳам тақиқланган моддалар бор экан. Олдинги ускуналар буни аниқлай олмаган, ҳозирги аппаратлар эса, шу препаратлардан ижобий натижа чиқараяпти".

Унга кўра, Халқаро ва Осиё федерациялари ҳам бу масалага энди жуда жиддий эътибор қарата бошлашади.

Бу йилги Рио Ёзги Олимпиада Ўйинлари 5 август куни старт олади ва 21 августга қадар давом этади.

Бу - Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси учун ўз тарихидаги еттинчи Ёзги Олимпиада Ўйинлари бўлади.

Жамоа шу пайтгача Ёзги Олимпиада Ўйинларининг жаъми 20 та: 5 та олтин, 5 та кумуш ва 10 та бронза медалларини қўлга киритишга муваффақ бўлган.

Қўлга киритган медалларининг аксарияти бокс, кураш ва дзюдо беллашувлари ҳисобига тўғри келади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondonbbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ