'Тошкент расман давлат ичида давлатга айланди'

Image caption Янги йўриқнома Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик прописка қўйиш тартибини янада қийинлаштириши айтилмоқда.

Прописка бўйича янги тартибга ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари мана шундай таъриф беришмоқда. Янги йўриқномада Тошкент шаҳри ва вилоятига 5 кундан ортиқ муддатга келган вилоятликлар Ички ишлар идораларида рўйхатдан ўтиши белгилаб қўйилган.

16 май куни Ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоев томонидан имзоланган ҳужжат матни 4 июл куни интернет нашрларида чоп қилинди.

Янги йўриқнома Тошкент шаҳри ва вилоятда рўйхатдан ўтиш тартибини маҳаллий участка нозирлари зиммасидан олиб яна хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига юкланади.

2012 йил собиқ Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов томонидан имзоланган йўриқнома Тошентда прописка тартибини осонлаштириши кўзда тутилганди. Аммо ушбу тартиб кўп амал қилмади.

2015 йилга келиб расмийлар Тошкентга вақтинчалик прописка қилишни деярли тўхтатиб қўйишди ва бунга бирор расмий изоҳ беришгани йўқ.

Янги йўриқнома Тошкент шаҳри ва вилоятига вақтинчалик прописка қўйиш тартибини янада қийинлаштириши айтилмоқда.

Йўриқномада эскисида бўлгани каби вилоятлардан Тошкент шаҳри ва вилоятига 5 кундан ортиқ муддатга келган бешикдаги гўдакдан тортиб қарияларгача белгиланган тартибда рўйхатдан ўтиш талаб қилинади.

Масалан, Тошкентга бир ҳафтага 2 ойлик чақалоғи билан келган вилоятлик 7 кун яшаш ҳуқуқига эга бўлиш учун боласини суратга тушириши, паспортидан нусха олиши, ариза ёзиши, уй эгасининг нотариал тасдиқдан ўтган розилиги, турар жой ҳужжатлари нусхаси, давлат божи тўлаши, агар уй эгаси яқин қариндоши, масалан акаси бўладиган бўлса, ушбу қариндошликни тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим қилиши керак.

Йўриқномадаги талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатига нотариал тасдиқланган қоғозларнинг ҳам қўшилиши шусиз ҳам ҳар куни турнақатор навбат ҳосил қилувчи нотариал идораларда одамлар сонининг кўпайишига олиб келиши тахмин қилинмоқда.

Бироқ ушбу ҳужжатларнинг тўпланиши вилоятлик Ўзбекистон фуқаросининг Тошкентда вақтинча пропискадан ўтишини кафолатламайди.

Чунки 2012 йилда қабул қилинган йўриқномада кўрсатилган ҳужжатларни тўплаган фуқаролар иккинчи 6 ойликка пропискага қўйишда жиддий тўсқинликларга дуч келишган.

Янги йўриқномада ҳам эскисида бўлгани каби 6 ойдан кейин яна пропискага қўйишни истовчи фуқароларга қандай тартиб амал қилиши кўрсатилмаган.

Эски тартиб бўйича, хусусий тадбиркор ва фирмалар вилоятдан ишчиларни вақтинчалик пропискадан ўтказиши чекланган эди.

Янги тартибда ҳам шундай бўлиши кутилмоқда.

Кузатувчилар ҳукуматнинг бу каби қарорлари Ўзбекистон фуқароларининг конституцияда белгилаб қўйилган эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини қўпол равишда бузишини таъкидлашади.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари прописка тўғрисидаги йўриқномани ўзига хос киноя ва ғазаб билан қарши олишган.

«Тошкент расман ичимиздаги "чет элга" айланди. Биринчидан рўйхатдан ўтиш пуллик ва бир дунё ҳужжат,» - дейди твиттер фойдаланувчиларидан бири.

Интернетдаги айрим фойдаланувчилар ушбу тартиб ҳукуматнинг ҳар нарсадан ҳадиксираб қолганини англатишини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ