Ўзбек фермерининг ҳоли яна "вой"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Ўзбекистонлик социолог-тадқиқотчилар ўтказган сўров натижаси ҳукуматнинг фермерликни қайта ташкиллаштириш ва ривожлантириш ташаббуси "боши берк" кўчага кириб қолганлигини кўрсатган.

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, ҳатто "Ёшлик" телеканали бу ташаббус ўз мақсадига эришмаганлиги ҳақида кўрсатув берган.

Дастлаб, тадқиқотчиларнинг асосий хулосалари:

1. Ташаббус киритилганидан сўнг сал ўтмай, ҳатто биринчи ҳосилни ҳам кутмай, ер берилган ёш фермерлар оммавий равишда ўз хўжаликларини ташлаб яна меҳнат муҳожирлигига кета бошладилар.

2. Ҳукумат ёшларни "ерга қайтариш" мақсадига эриша олмади.

3. Фермерликни маъмурий буйруқбозлик йўли билан бошқариш тизими сақланиб қолди.

4. Фермерликни ривожлантириш учун кредит ва қарзлар ажратиш усули самарсиз бўлиб, аксинча, минглаб суиистеъмол ҳоллари ва жиноий ишларнинг очилишига олиб келди.

Би-би-си Ўзбек хизмати бу хулосларни тадқиқ қилиб, савол остига олди. Ёш фермерлар оммавий равишда ўз хўжаликларини ташлаб, яна меҳнат муҳожирлигига кета бошлаганликларининг қандай далиллари бор?

Фермерликдан ёппасига воз кечиш

Тадқиқотчиларнинг айтишларича, 2015-2016 йиллари фермерлик хўжаликларни вазиятини ўрганиш мақсадида қишлоқ ёшлари орасида сўров ўтказганлар.

Саволлар орасида, "Ўз қишлоғингизда фермерлик билан шуғулланиш имкони бормиди? Агарда бундай имкон мавжуд бўлган бўлса, нима учун киришмадингиз" деган билвосита савол ҳам бор эди.

Жавоблардан шундай манзара аён бўлганки, Қашқадарё, Бухоро, Хоразм вилоятларидан хорижга меҳнат муҳожирлигига кетаётган 100 кишидан 46-52 нафари, яъни ярми, ер олиб фермерлик қилишга уринган. Уларнинг учдан бири биринчи йилиёқ "ерни ташлаган". Иккинчи йилга келиб, фермерликдан воз кечганлар фоизи 65 га етган.

Яна бир мисол, Хонқа, Қоракўл ва Қизилтепа туманларида 2015 йили янги ташкил этилган 125 фермер хўжалигидан бу йилга келиб 88 таси "эгасиз" қолган. Бу деярли 70 фоиз хўжалик ташлаб кетилганини англатади.

Яна бир рақам, биргина Қашқадарё, Жиззах ва Хоразм вилоятларининг ўзида Прокуратура органлари томонидан бу соҳада 12 мингдан 15 мингга қадар жиноий иш очилган.

Ана шу статистик маълумотларнинг ўзидан ҳукумат ёшларни "ерга қайтара" олмагани ва бу жараён "оммавий тус" олгани хулосаси келиб чиқади, албатта.

Кредит тизими ноқис

Энди уларнинг "ердан воз кечишга" мажбурлаган сабабларга тўхталсак.

Тадқиқотчиларга аён бўлишича, бунинг қатор сабаблари бор. Лекин улар орасида монопол банклардан кредит ва қарзлар олиш энг муҳимларидан биридир. Сўровномада қатнашганларнинг аксариятига кўра, айнан қарз олиш жараёни фермерликни қайта тиклаш ташаббусининг натижасиз тугаганига асосий омилдир.

Тадқиқот муаллифларига кўра, баъзи ҳолларда бу каби кредит олиш имконинг ўзи дастлаб ёшларни фермерликка "жалб" қилган омиллардан бўлган.

Одатда кредит миқёси фермернинг ўз устига олган масъулиятлари ва етиштиражак маҳсулотига қараб, 18-20 миллион сўм атрофида бўлган.

Тадқиқочиларга кўра, кредит расмийлаштириш жараёни таниш-билишчилик, товламачилик каби қонунбузарликлар ва коррупцияга тўла жараён бўлиб қолмоқда.

Фермерлик ва қишлоқ хўжалигидан узоқ бўлган шахсларга ҳам бу "қобиқ" остида пул ажратилган ҳолатлари маълум.

Истеҳзоли ери шуки, пора ва турли "откат" схемалари туфайли фермер "касодга учраб, кредитни қайтармаслик"дан кўпроқ манфаатдор бўлмоқда.

Банклар қарз берган "мижозларини" топа олмай Прокуратурага мурожаат қилишмоқда. Қидирув ва жиноий ишлар очилмоқда.

Иш бермаган ташаббус

Фото муаллифлик ҳуқуқи m

Кредит муаммоларидан ташқари ташаббус самарасизлигининг бошқа сабалари фермерларнинг ўз маҳсулотларини сотишда эркин эмасликлари, улар ўзларини ҳақиқий ер эгаси сифатида ҳис қилмасликлари ва маҳаллий маъмуриятга тўлиқ қарам эканликларидир.

Яна бир савол умуман ёшларни "ерга қайтариш" уринишларининг ҳозирги замонда не қадар мақсадга мувофиқлиги ҳақидадир.

Интернет ва юқори технологиялар даврида уларни ерга боғлаб туриш бир қадар "ҳаёлий" мақсад эмасмикан?

Муаллифларга кўра, ишлаб чиқариш ривожланмаган ва янги иш жойларини яратиш муаммо бўлган аграр мамлакатда яна бошқа қандай йўл бор?

"Бундан ташқари яқин-яқингача минглаб ўзбекистонликлар учун иш имкони мавжуд бўлган Россия ва Қозиғистонда иқтисод ўсиши сустлашгани назарда тутилса, ҳукуматнинг ёшларни қишлоққа ҳар қачонгидек ҳуқуқий эмас, буйруқбозлик йўли билан "қайтариш" уринишларини тушунса бўлади".

Бунга илован, мамлакат учун стратегик жиҳатдан муҳим ва валюта манбаи кўрилган пахта, озиқ-овқат барқарорлиги учун долзарб ғалла ҳосилининг тушиши ҳам хавотирларни уйғотмоқда.

"Ўзбекистон бугунда қишлоқ хўжалигини зудлик билан ҳақиқий ислоҳ қилиши эҳтиёжи ўнгида турибди. Акс ҳолда ташқи ва ички миграция, шунингдек аҳолининг йирик шаҳарларга оқиб келиши беқарорликларга етакловчи омил бўлиши мумкин", деган хулосага келишган тадқиқот муаллифлари.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар