Иссиқкўлдаги Ўзбекистон оромгоҳлари янги эгасини топди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Aiperi Tashybekova

Қирғизистон Ўзбекистон корхоналарига тегишли бўлган Иссиқкўл соҳилидаги уч дам олиш пансионатининг номлари ўзгартирилганини эълон қилдилар.

Қирғизистон Давлат мулкини бошқариш жамғармасидан билдиришларича, "Роҳат" оромгоҳининг номи "Алтин жай", "Дилором" оромгоҳи "Эне-Сай", "Олтин қумлар"(Золотие пески) ҳордиқ масканининг номи "Бостери" деб ўзгартирилган.

Фақат "Бўстон" оромгоҳи бундан кейин ҳам шу номи билан қолиши хабар қилинган.

"Роҳат", "Дилором" ва "Олтин қумлар" Иссиқкўлнинг шимолий соҳилида, "Бўстон" оромгоҳи жанубида соҳилида жойлашган.

Бу оромгоҳлар Шўролар замонида Ўзбекистоннинг молиявий бақувват корхоналари томонидан барпо этилган эди.

"Олтин қумлар" 10 минг кишини иш билан таъминлаган Чкалов номидаги авиация заводи ТАПОИЧ томонидан 1960 йилда ишга туширилган, завод ишчилари ва ўзбекистонликлар яқин-яқингача ҳам ёзнинг жазирама кунларида Иссиқкўлнинг қоқ белидаги энг баҳаво масканда ҳордиқ чиқардилар.

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин "Олтин қумлар" "Ўзбекистон Темир йўллари" тасарруфига ўтган.

"Роҳат" Ўзбекистон Миллий банки, "Дилором" "Асака" банки, "Бўстон" Саноат қурилиш банки ихтиёрида бўлган.

Шу йил апрелида Қирғизистон ҳукумати 4 пансионатнинг тўланмаган солиқ ва қарзлари кўпайиб кетгани сабабли ўзбекистонлик ширкат ва банклардан тортиб олишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Таҳлилчилар эса икки мамлакат мустақиллигидан кейин Ўзбекистонга ижарага берилган оромгоҳларнинг қарздорлиги масаласи бугунга келиб кўтарилгани сабабини Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара баҳсларига боғлаганлар.

Бироқ Ўзбекистон матбуотига кўра, Ўзбекистон пансионатлари Қирғизистон ғазнасига 11 ярим миллион Қирғизистон соми миқдорида солиқ тўлаганлар.

Жумладан, "Олтин қумлар" 2015 йили 4,56 миллион сом, "Бўстон" қарийб 330 минг сом солиқ тўлаган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ