Шоу- бизнесда Гулнора Каримовани "соғинишган"

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 8 июл туғилган куни муносабати билан ижтимоий тармоқларда Ўзбек шоу бизнесчилар унинг фотосуратларини жойлаб, эслашган, табрик сўзларини битишган.

Жумладан бир неча йил олдин Гулнора Каримова томонидан ташкил қилинган "Зўр-зўр" танловида қатнашган қўшиқчи Шаҳло Аҳмедова "Ҳурматли ва севимли Гулнора Каримова туғилган кунингиз билан! Аллоҳ сизни асрасин!" дея тилак қолдиради Инстаграмда.

"Happy birthday Coogosha!", "Биз сизни соғиндик Googosha!" дейишади унинг табригига изоҳ қолдирган фойдаланувчилар ҳам.

Хонанда Каниза Аҳмедова Гулнора Каримовани шундай таърифлайди:

"21 аср қироличаси ва миллионлаб ёшларга имконият яратиб берган ва ўз изини қолдира олган Ўзбекистонни дунёга танитишга ўз ҳиссасини қўша олган Гулнора Каримова таваллуд айём муборак!" "Биз унутмадик ва унутмаймиз!", деб қайд этади у.

Ушбу табрикка қўшилган инстаграм фаоллари Гулнора Каримованинг қаердалиги билан қизиқишган. Кўринмай қолганини айтишган. Баъзилари унинг уй қамоғида экани ростми, дея сўрашган.

"Гулнора қатдасиз? Қайтинг Ўзбекистонга. Ҳурмат қиламан", ёзади "atmosferaxia".

alikhanofficial "бугун санъат оламига анча ҳиссаларини қўшган бир инсонни туғилган кунлари. Табриклайман", дейди Гулнора Каримованинг сурати остига.

"Ҳамма пахтакорлар ансамблию бу ерда" киноя қилади Sher никли фойдаланувчи изоҳлар орасида.

Гулнора Каримовани табриклагани учун "хушомадгўй"ликда танқид қилинган olimxuja azimov "ошналар, гап "пахта"да эмас, кўнгилда. Инсон яхши кўрган одамларига дил изҳори айлайди. Ушбу инсон билан шунчаки суҳбат қилган одамни дунёқараши ўзгаради. Қилган яхшиликларини эса гапиришни ҳожати йўқ-ўзларига савоб бўлсин", деган фикрда.

olimxuja azimov бундан олдинроқ Гулнора Каримовани қувватлаб, мурожаат билан ҳам чиққан.

ziyodsheyh эса "Sogindim# Gulnora Karimova." дер экан, йиғлаётган белгисини қўшиб қўяди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Бир қанча хориж банкларида Гулнора Каримова алоқадор маблағлар "пора эвазига келган"и айтилиб, музлатилгач, Ўзбекистонда ҳам унинг бизнеси тугатилган, у ташкил қилган идоралар ёпилган, яқин шериклари эса маҳкамага тортилиб, жазоланган. Гулнора Каримованинг ўзи ҳам омма кўзидан ғойиб бўлиб, ҳозирда уй қамоғида экани тахмин қилинади. Бироқ расман ҳеч бир маълумот берилмаган. Олдинроқ Гулнора Каримованинг қўриқчилар билан тортишиб турган сурати тарқаган эди.

Фақат 2014 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган баёнотда Гулнора Каримованинг исми очиқ айтилмаган, бироқ гап у ҳақда кетаётганини англашилган. Прокуратура Президентнинг тўнғич қизи ва шерикларига нисбатан жиноят иши юзасидан халқаро ҳамкорлик қилаётганини тасдиқлаган, аммо Ўзбекистондаги терговнинг Оврўпо давлатларида олиб борилаётган текширувга алоқаси йўқлигини билдирганди.

Айрим таҳлилчилар ўзбек ҳуқуқ-тартибот идораларининг терговидан мақсад Оврўподаги Гулнора Каримова ҳамда шерикларига тегишли экани тахмин қилинаётган йирик маблағларни Ўзбекистон ғазнасига қайтариш бўлиши мумкин, деган фаразларни илгари суришган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар

Бу мавзуда батафсилроқ