Туркияда ишлаш изни олиш осонми?

Image caption Туркияда қанча сондаги ўзбекистонликлар меҳнат қилиши ҳақида аниқ маълумот йўқ

"Онадўли" ахборот агентлигининг ёзишича, 2016 йилнинг биринчи 6 ойида Туркия Меҳнат ва Ижтимоий хавфсизлик вазирлиги 38, 000 хорижликка мамлакатда ишлаш изнини берган. Хабарда қайд этилишича, Туркияда ишлаш рухсатини олганлардан 1,221 нафари ўзбеклардир.

Агентликнинг ёзишича, мазкур муддат ичида 45,375 кишининг аризаси кўриб чиқилган ва энг кўп сонли ишлаш рухсати олганлар - Сурия (5,502), Гуржистон (3,793) ва Украина (3,712) фуқаролари.

Кейин туркманлар, қирғизлар, ўзбеклар, Хитой, Индонезия ва россияликлар борлиги тилга олинади.

Туркияда қолиб, ишлаш изнини кўпроқ аёллар (19,900 нафар) қўлга киритишган.

Ўзбекистонликлар ишлаш учун асосан Россия, Қозоғистон ва Жанубий Корея каби мамлакатларга борадилар. Аммо, сўнгги йиллар Туркия шаҳарларида тирикчилик илинжида борган ўзбеклар сони ҳам ортган.

Бугунда Туркияда ризқ тераётганлар сони борасида аниқ маълумотлар йўқ, аммо уларнинг сони минглаб экани айтилади.

Шунга қарамай, маълум бўлишича, ўтган 6 ой ичида 1,644 ўзбекистонликнинг иш рухсатномаси сўраб ёзган аризаси кўриб чиқилган.

Истанбулда яшовчи турк оилаларидан бирида энагалик қилаётган ўзбекистонлик аёлга кўра, кўплар бундай ҳужжат олиш мумкинлиги ҳақида билишмайди ҳам.

"Бир неча йилдан бери шу Истанбулдаман. "Бировникида меҳмондамиз", деб ҳужжат тўғрилаймиз. Жуда кўплар шундай қилишади", дейди у.

Image caption Кўплаб ўзбекистонликлар турк оилаларида энага ёки қарияларга қаровчи бўлиб ишлашлари айтилади

"Çalışma izni"

Яна бир ўзбекистонликнинг айтишича, "çalışma izni", яъни "ишлаш изни" кўплаб хорижликлар учун катта имконият деганидир.

"Бу ҳужжатни олиш учун Туркия ватандоши сизга иш бериши керак. Иш берувчи тегишли идораларга ҳужжатлар жўнатади. Давлатга маълум бир миқдорда пул тўлашади булар. Бу рухсатнома бир йилга берилади. Рухсатномани олганингиздан кейин, тиббий хизматлардан фойдаланишингиз мумкин бўлади. Бу юрт ташқарисидан келган инсонлар учун катта имкониятдир", дейди у.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, ҳамма ўзбекистонликлар ҳам бу имкониятдан фойдалана олмайдилар.

"Яъни, иш берувчини топиш барча учун ҳам осон эмас. Улар ноқонуний ишлашни маъқул кўришади. Қўлга тушиб қолишса, депортация қилинади. Лекин, мана шу "çalışma izni" деган нарса чиқариб юборилганларга ҳам қўл келадиган бўлди. Улар ноқонуний юрганлари учун белгиланган жаримани тўлашса ва иш ёки иш берувчи топишса, "çalışma izni" сўраб мурожаат қилишлари мумкин бўлади. Яъни, керакли ҳужжатлар тўғри бўлганидан кейин яна Туркияга қайтиб келишлари мумкин. Айтилаётган "çalışma izni" бир йилга берилади ва бу муддат давомида давлатга белгиланган тўловни тўлаб бориш лозим бўлади".

Аммо, унинг айтишича, "айрим иш берувчилар давлатга пул тўлашдан қочишади ва ўз қўллари остида ишловчиларга зарурий ҳужжатларни тўғирлашмайди".

"Ана шу нуқтада меҳнат муҳожирининг ҳуқуқи бузилиши мумкин. Йўл-йўриқни билмаганлар, ўз ҳаққини талаб қила олмаган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлганман", дейди Туркияда бир неча йилдан бери яшаб, ишлаётган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Бу мавзуда батафсилроқ