Ассад: Путин менинг кетишим ҳақида гапирмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сурия Президенти Башар ал Ассад Американинг NBC News телеканалига берган интервьюсида Россия Президенти Владимир Путин ва Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров у билан ҳокимиятни топшириш масаласини муҳокама қилишмаганини айтган.

"Улар бирор марта ҳам бу ҳақда сўз очганлари йўқ", деган Ассад.

Сурия Президенти сўзларига қараганда, АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг шу ҳафтада Москвага сафари вақтида Путин билан бу борада келишувга бориши, яъни кетиш талаби қўйилиши мумкинлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган хабарлар ўзида ҳеч ҳам хавотир уйғотмайди.

Жаноб Ассаднинг фикрича, Россия сиёсати келишувларга эмас, қадриятларга асосланган, шунинг учун Москва ва Вашингтон келишиб олишлари уни қўрқитмайди. Ассад Россия ва Сурия ўртасидаги муносабатларни изоҳлай туриб, уни очиқ ва ҳаққоний деб атаган. У Россия президенти билан доимий боғланиб туришини, муносабатларни қувватлашини қайд этган.

Ғарб мамлакатлари Сурияда ҳокимият ўзгариши кераклигини талаб қилиб келишади.

АҚШ ва унинг иттифоқчиларига кўра, Ассаднинг кетиши мамлакатда тинчлик ва барқарорлик қарор топишининг муҳим омилидир.

Жон Керри пайшанба куни Москвага бориши кутилмоқда. АҚШ Давлат котиби Керри Россия Президенти Путин ва Ташқи Ишлар вазири Лавров билан учрашиб, Украина, Сурия ва Тоғли Қорабоғдаги вазиятни муҳокама қилади.

Шу йил ҳисобидан бу Керрининг Россияга иккинчи бор сафар қилишидир.

Ассадсиз Сурия

Айни вақтда Туркия ҳам Сурия масаласини кўтармоқда.

Туркия Сурия билан муносабатларни яхшилаш тарафдори эканини айтди.

Бироқ бу Ассадсиз амалга ошишини таъкидлади.

Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Би-би-сининг HARDtalk дастурига айтишича, Ассаднинг истеъфосисиз Туркия муносабатида ҳеч нарса ўзгармайди.

Бинали Йилдирим шунингдек, Башар Ассаднинг сиёсати минтақада ИД ва бошқа жангари гуруҳларнинг пайдо бўлишига олиб келди, дуган фикрни қайд этган.

"Ассад бор экан, муаммо ечилмайди. Бошқа жангари гуруҳлар пайдо бўлаверади, чунки ҳамма сабаб уларнинг пайдо бўлишига шароит яратаётган Сурия режимидадир".

Чоршанба куни Бинали Йилдирим Анқара Сурия ва Ироқ билан муносабатларни яхшилаш ниятида эканини билдирганди.

"Биз Россия ва Исроил билан муносабатларни яхшиладик. Биз терроризмга қарши кураш ҳаққи Сурия билан ҳам алоқаларни жойига келтира оламиз".

Ассад кетсагина Сурияда барқарорлик бўлади, деган қатъий фикрда собит Анқара.

Суриядаги вазиятни барқарорлаштириш учун Россия ва Туркия ўртасидаги келишмовчиликнинг асосий сабаби Ассадга бўлган икки хил қарашда.

Москва Сурияга ҳам руҳан, ҳам ҳарбий кўмак бериб келади. Анқара эса, Сурия режимига қарши исёнчиларни қувватлайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.