"Путин ва Керри Суриядаги тўғридан-тўғри ҳарбий ҳамкорликни муҳокама қилмаган"

Президент Путин АҚШ котиби Жон Керри билан Кремлда учрашган. Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Кремль тарқатган баёнотга кўра, уч соатлик мулоқот пайти Президент Путин ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри Сурияда тўғридан-тўғри ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама этмаганлар.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, "ўзаро ҳамкорликнинг турли шакллари муҳокама қилинди, аммо терроризмга қарши кураш борасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик мавзуси бўлгани йўқ".

Бундан олдин жаноб Керрининг Россияга асосий таклифи Сурияда ИШИД ва "Жабҳатул-Нусра" гуруҳларига қарши курашда АҚШ билан ҳамкорликни йўлга қўйиш бўлгани ҳақидаги хабарлар тарқалган эди.

Шунингдек, Россиянинг иттифоқчиси Президент Башар ал-Ассаднинг ҳарбий учоқлари тинч фуқаролар ва мўътадил мухолифат жангариларини бомбалашни тўхтатиши талаби билан Кремлнинг Президент Ассадга босим ўтказишини ҳам хоҳламоқда АҚШ.

Россия раҳбари билан музокараларда жаноб Керри Сурияда оташкесим шартлари Москва қувватлайдиган Ассад режими томонидан кўп маротаба бузилаётганидан хавотир изҳор этган.

Суриядаги урушга яқин вақтда нуқта қўйишга қодир дипламатик қарорлар қабул қилишни доимий равишда орқага суриб келиш мумкин эмас, деб айтган АҚШ расмийси.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг Москвага сафарининг иккинчи кунида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Суриядаги беш йиллик урушни тўхтатиш масаласини батафсил муҳокама этиши режалангани хабар қилинган.

Сўнгги музокаралар Сурияда ўт очишни тўхтатишга қаратилган бир неча келишувлар барбод бўлган, АҚШ билан Россия ўртасидаги дипломатик таранглик ортган пайтга тўғри келган.

Рейтер агентлигига кўра, Керри махсус ахборот маркази тузишни таклиф қилиб, Америка ва россиялик ҳарбийлар жангариларга қарши ҳаво ҳужумлари йўналишларини келишиб, маълумотларни алмаша олишларини айтган.

Бироқ Керрининг режалари АҚШнинг дипломатик ва ҳарбий-жосуслик хизмати доиралари қувватламаганлар. Улар Россияга бу борада ишониш мумкин эмаслигини, эҳтиёткорлик зарурлигини очиқ изҳор этганлар.

АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер Москва ҳаракатини Сурияда тўғри йўналишга солишда озроқ шубҳа билан қараш тўғрироқ бўлади, деган фикрда.

"Агар руслар Сурияда тўғри қарор беришга тайёр эканлар, Мудофаа вазирлиги мулоқот учун очиқ. Аммо у ерда аниқ нима бўлаётганини тушунишни истаймиз. Шунинг учун Россия билан Сурия масаласида келишишимиз аниқ эмас", деган у.

Оқ Уй ҳам Москва билан ҳарбий ҳамкорлик келажаги тўғрисида эҳтиёткор. "Ҳозир Россия Сурияда ўзининг дипломатик ва ҳарбий имкониятларини қандай қўллаш бўйича жиддий қарорга келишининг фурсати етди", деб айтган Оқ Уй вакили Жош Эрнест.

Россия ҳарбийлари ёки Ассад режимини ҳимоя қилади ёки экстремистларга қарши курашади", қайд этганди у.

Жон Керрининг Россия билан Сурияга таълуқли режалари ҳукуматда жиддий муҳокамалар ва баҳсларга сабаб бўлган.

Айни пайтда Президент Башар ал-Ассад янги ҳукуматни тузишга доир бирор бир босим ҳис қилаётгани кузатилаётгани йўқ.

14 июл куни Президент Ассад NBC телеканалига интервью берган, интервьюда у, Президент Путин ва Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳеч қачон ўзининг ҳокимиятдан кетиши масаласини кўтармаганлар, деб айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.