'Сурия учун қарорни орқага суриб бўлмайди'

Пайшанба куни Москвага ташриф буюрган АҚШ Давлат котиби Жон Керри Президент Путин билан учрашган.

Россия раҳбари билан музокараларда жаноб Керри Сурияда оташкесим шартлари Москва қувватлайдиган Ассад режими томонидан кўп маротаба бузилаётганидан хавотир изҳор этган.

Суриядаги урушга яқин вақтда нуқта қўйишга қодир дипламатик қарорлар қабул қилишни доимий равишда орқага суриб келиш мумкин эмас, деб айтган АҚШ расмийси.

Путин ва Керри музокаралари қарийб уч соат давом этиб, томонлар "Исломий давлат" ва Ал-Қоида тармоғи "Нусра фронти" жангари гуруҳларига қарши курашни кучайтириш зарурлигига алоҳида тўхталганлар.

Рейтер агентлигига кўра, Керри махсус ахборот маркази тузишни таклиф қилиб, Америка ва россиялик ҳарбийлар жангариларга қарши ҳаво ҳужумлари йўналишларини келишиб, маълумотларни алмаша олишларини айтган.

Бироқ Керрининг режалари АҚШнинг дипломатик ва ҳарбий-жосуслик хизмати доиралари қувватламаганлар. Улар Россияга бу борада ишониш мумкин эмаслигини, эҳтиёткорлик зарурлигини очиқ изҳор этганлар.

АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер Москва ҳаракатини Сурияда тўғри йўналишга солишда озроқ шубҳа билан қараш тўғрироқ бўлади, деган фикрда.

"Агар руслар Сурияда тўғри қарор беришга тайёр эканлар, Мудофаа вазирлиги мулоқот учун очиқ. Аммо у ерда аниқ нима бўлаётганини тушунишни истаймиз. Шунинг учун Россия билан Сурия масаласида келишишимиз аниқ эмас", деган у.

Оқ Уй ҳам Москва билан ҳарбий ҳамкорлик келажаги тўғрисида эҳтиёткор. "Ҳозир Россия Сурияда ўзининг дипломатик ва ҳарбий имкониятларини қандай қўллаш бўйича жиддий қарорга келишининг фурсати етди", деб айтган Оқ Уй вакили Жош Эрнест.

Россия ҳарбийлари ёки Ассад режимини ҳимоя қилади ёки экстремистларга қарши курашади", қайд этганди у.

Жон Керрининг Россия билан Сурияга таълуқли режалари ҳукуматда жиддий муҳокамалар ва баҳсларга сабаб бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.