Ниццадаги ҳодиса гувоҳи: 'Юк машинаси рўпарамга келиб тўхтади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ниццадаги қонли ҳодиса гувоҳи Надер ал Шафейнинг ҳикояси:

"Мушакбозлик тугаган пайт, ҳамма одамлар пляж олдида эди, мен ҳам улар орасида, Франциядаги миллий байрам тантаналаридан завқланаётганлар билан бирга эдим.

"Байрам ниҳоясига етганидан беш дақиқалар ўтиб, барча кўчанинг ўртасига қараб юра бошлаганда, тўсатдан кучли қичқириқ товушини эшитдик. Мен биз томонга қараб келаётган юк машинасини кўрдим.

Мен асосий кўчада юк машинасининг шундоққина олд томонида эдим ва унинг остида мажақланиб кетган бир нечта одамларга кўзим тушди.

У менга бир метрча нарида тўхтади ва мен ҳайдовчини ойна ортида кўрдим.

Бошида мен бу бахтсиз ҳодиса деб ўйладим ва у автомобилни бошқара олмай, бахтсиз тасодиф туфайли одамларга келиб урилган деб хаёл қилдим.

Шунинг учун мен унга бақиришда давом этиб, тўхтатишни сўрадим, машина остида одамлар ётар, у эса ҳеч кимга қарамас эди. У юк машинаси ичида асабий, агрессив қиёфада худди ниманидир қидираётгандек ҳаракат қиларди.

Унинг қўллари рулда эди- мен ўйладимки, у назоратни йўқотиб қўйган, энди юк машинасини тўхтатишга ҳаракат қиляпти деб.

Бироқ у менга қараб туриб, худди мобил телефонга ўхшаган ниманидир қўлига олди. Шунда ҳам мен яна балки у тез ёрдамни чақирмоқчидир, деб ўйладим.

Тўсатдан орқамдан полиция келди, сабаби фақат мен унинг рўпарасида қараб турган эдим. Ва шунда унинг қўлида тўппонча борлигини кўрдим ва у ойнадан туриб ота бошлади.

Шу пайтда полиция мени итариб, қочишимни сўради. Улар қоч бу ердан, дейишда давом этар эди. Мен шунда тўрт метрча орқага қадам қўйдим.

Мен қўлимга телефонимни олиб, нималар бўлаётганини видеога ола бошладим.

"Мен чополмадим- музлаб қолгандек эдим. Бироқ полиция уни ўлдиргунича ҳамма нарсани туширдим.

Полициячи мени видеога олаётганимни кўриб, жаҳл билан бақириб, қоч деди. Мен ўтирдим, чунки улар отишма туфайли ҳадеб паст бўл, паст бўл, деяётган эди.

Мен ерга ўтирсамда, шунда ҳам суратга туширавердим. Бир пайт полиция яна келиб, менга ва пляж олдидаги одамларга қочинглар, деб бақирди- у машинани ичида бомба бор деб ўйлаган бўлса керак, деган фикр ўтди.

Шундагина мен ҳамма нарса жуда жиддий эканини тушундим ва бошқа одамларга қўшилиб қоча бошладим".

Фожеа

14 июл туни Франция Миллий куни ( Бастилия олиниши) тантаналарига йиғилган оломон устига юк машинасининг ҳайдалиши оқибатида қурбонлар сони 84 кишига етган.

Мамлакат жанубидаги Ницца шаҳрида байрам муносабати билан мушакбозлик якунланганидан кейин ҳайдовчи ўз юк машинасини одамлар устидан қарийб икки чақиримча ҳайдаган.

Кейинроқ у полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Полициянинг хабар қилишича, ҳужумчи келиб чиқиши тунислик бўлган Франция фуқароси Муҳаммад Булол экани аниқланган.

Президент Франсуа Олланд бу ҳодисани "рад этиб бўлмайдиган террор табиатига эга" деб таърифлади.

Париждаги ҳужумлардан кейин мамлакат бўйлаб жорий этилган фавқулодда ҳолат яна уч ойга чўзилган.

Олландга кўра, "бутун Франция Исломий террорчилик хавфи остида" қолган.

Унинг айтишича, қурбонлар орасида бир неча болалар ҳам бор.

Twitterда тарқалган суратлардан бирида ўндан ортиқ инсон кўчада ётганини кўриш мумкин.

Айни ҳужумга ҳали ҳеч ким масъулият даъвоси билан чиққани йўқ.

Қонли ҳодиса кўплаб давлат раҳбарлари томонидан кескин қораланган ва "даҳшатли террор ҳужуми" деб аталган.

Париждаги Ўзбекистон элчихонаси ходимининг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, пайшанба тунги ҳужумда ўзбекистонликлар қурбон бўлишгани ёки жабр кўришганига оид бирор бир хабар йўқ.

Аммо, Ўзбекистон элчихонаси ходимига кўра, жорий пайтда дипломатик ваколатхоналар фаолияти доирасида бу масалага ойдинлик киритишга ҳаракат қилишмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.