Покистонлик таниқли модел ўлдирилган

Бир неча кун олдин дунё оммавий ахборот воситаларининг қаҳрамонига айланган покистонлик таниқли модел ва блоггер Қандил Балуч ўз акаси томонидан ўлдирилган. Тахмин қилинишича, у "номус учун" қатл қилинган.

Фожеа жума куни кечқурун Панжоб вилоятида содир этилган.

Полициянинг айтишича, Қандил бўғиб ўлдирилган.

26 ёшли Қандил Балуч консерватив Покистон мезонлари бўйича жанжалли очиқ-сочиқ сурат ва видеолари билан танилган, уларни доимий равишда ижтимоий тармоқларга жойлаб борар эди.

Очиқ либосларда суратга тушишни ёқтирадиган Қандилни америкалик ижтимоий тармоқ юлдузи Ким Кардашьянга қиёслашганди журналистлар ва интернет фаоллари.

Бу мамлакатда аксар хотин-қизлар оталари ё эрлари рухсатисиз ҳатто кўчага ҳам чиқишолмайди.

Қандил эса ҳатто чўмилиш кийимидаги тасвирлари ҳамда "қип-яланғоч суратимни намойиш этаман" каби зиддиятли гапларини ҳам интернетга қўйган эди.

Кўпчилик уни тақиқлашни талаб қилган.

Лекин Қандилнинг суратларини томоша қиладиган покистонликлар ҳам жуда кўп бўлган.

Яқиндагина у диний уламо билан меҳмонхонада тушган суратини намойиш этди. Унинг сўзларига кўра, диндор мухлис бирга тушлик вақтида ўзининг қўлини сўраган. Қандилнинг бу сурати кескин баҳсу мунозараларга сабаб бўлди ўшанда.

Натижада имом ишидан четлаштирилган, Балоу эса таҳдидлар ола бошлаган.

Покистонда "оила шаъни учун қотиллик" яқинларини "шарманда қилган"ларга нисбатан қўлланилиши одатий ҳол саналади. Кўп ҳолларда уларнинг қурбонлари аёллардир. Айбдорлар эса аксарият вазиятларда енгил жазо олишади ёки умуман қутулиб қоладилар. Кузатувчиларга кўра, бу манзара Покистон ва Афғонистонда аёлларнинг тобора кўпроқ нишонга айланиш сабаблари ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.