АҚШ Туркияга: "Давлат тўнтариши баёнотларида эҳтиёт бўлинг!"

Оддий турклар танк устида байроқ билан Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ортида АҚШ тургани ҳақидаги баёнотлар икки мамлакат муносабатларига шикаст етказади.

Бундай огоҳлантириш билан АҚШ Давлат котиби Жон Керри чиқди.

Америка давлат котиби бу ҳақда Туркия меҳнат вазири билан суҳбатда айтган.

Бундан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ҳарбийлар томонидан давлат тўнтаришига уриниш ортида АҚШда истиқомат қиладиган туркиялик таниқли диний тарғиботчи ва жамоат арбоби Фатҳулла Гуленни айблаган ва АҚШдан Гуленни Туркияга топшириш ёки экстрадиция этишни талаб қилган.

"Агар биз стратегик шерик бўлсак, сиз бизнинг илтимосимизни адо этишингиз лозим", деб айтган Президент Эрдўғон.

Пенсилваниядаги уйида тележурналистлар билан мулоқотда Фатҳулла Гулен давлат тўнтаришига алоқаси борлигини рад этган.

Ўзининг Туркияда 15 йилдан буён яшамаётганини айтган Фатҳулла Гулен, "ҳатто у ерда ким менинг тарафдорим эканини ҳам билмайман", деб айтган.

"Охирги беш ўн йиллик давомида ҳарбийларнинг давлат тўнтаришидан жабр чеккан инсон сифатида мени бу каби ҳаракатга алоқадор кўришлари мени хафа қилади", деб айтган у.

Оқ Уй номидан эълон қилинган баёнотда Туркия расмийларининг қонун асосида иш кўришлари, зўравонлик ва беқарорликка олиб келадиган воқеалар ривожланишига йўл қўймаслик чақирилган.

Бундан олдин АҚШ Давлат котиби Жон Керри Туркия Фатҳулла Гуленнинг давлат тўнтаришига алоқаси борлигини исботлаши лозим, деб айтганди.

Туркияда ҳарбий тўнтаришга уриниш 15 июл тунида бўлди.

Ҳарбийларнинг бир гуруҳи мамлакат бўйлаб назоратни ўз қўлларига олганларини эълон қилдилар.

Ҳордиқда бўлган Президент Эрдўғон халқни кўчаларга чиқишга даъват қилди.

16 июл тонгида Туркия ҳукумати назоратни қайтаришга муваффақ бўлди.

Расмийлар давлат тўнтаришига уриниш оқибатида 256 киши ҳалок бўлганини эълон қилди.

104 ҳарбийнинг давлат тўнтариши иштирокчиси экани, қолгани тинч фуқаролар экани айтилди.

Фитна ортидан 2389 киши ҳибсга олингани, улар орасида юқори лавозимли ҳарбийлар борлиги хабар қилинди.

2745 ҳакам, шу жумладан Туркия Олий Судининг ҳаками Алпарслон Алтон ҳам лавозимидан бўшатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.