Афғонистонлик қочқин бир қанча кишини яралаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳужум афғонистонлик 17 ёшли қочқин томонидан йўловчи поездида уюштирилган.

Болта ва пичоқ билан қуролланган йигитча уч кишини оғир, яна бирини енгил яралаган.

Ҳодиса душанба куни кечқурун Олмония жанубида юз берган.

Оғир яраланганларнинг Гонгконг фуқаролари эканликлари айтилмоқда.

Олмониялик масъулларга кўра, воқеа сатҳини тарк этишга уринган йигитчанинг ўзи отиб ўлдирилган.

Унинг бу ишга нега қўл ургани сабаби маълум эмас.

Аммо, Олмониядан олинган энг сўнгги хабарларга кўра, ҳужумчи яшаган хонадондан қўлда ясалган ИШИД гуруҳи байроғи топилган.

Ҳодиса юз берган пайтда поезд Вюрцбургдан Ҳайдингсфельдга кетаётган бўлган.

Ҳужумчининг ўзи Вюрцбургга яқин Оксенфурт шаҳарчасида яшаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ҳужумчи ўсмирни яқинда олмониялик бир хонадон асраб олган бўлган

Олмониядаги сўнгги воқеа Франциянинг Ницца шаҳрида уюштирилган қонли ҳужумдан бир неча кун ўтиб кузатилмоқда.

Ниццадаги камида 84 кишининг умрига зомин бўлган ҳужумга масъулиятни эса, Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳи ўз зиммасига олганди.

Аммо, олмониялик масъулларга кўра, афғонистонлик ўсмирнинг бу исломий гуруҳ аъзосими ёки яқинда радикаллашган бўлганми, бу хусусда қатъий хулоса чиқаришга ҳалича эрта.

Хабарларда айтилишича, йигитча Олмонияга ёлғиз боши билан муҳожир бўлиб келган. Сўнгра бошпана сўраган. Қочқинлар марказида яшаб келган.

Олмониялик хонадонлардан бири яқинда уни асраб олган бўлган.

Сўнгги глобал қочқинлар инқирози манзарасида Олмония бир йилнинг ўзида бир миллиондан ортиқ қочқинни қабул қилиб олган.

Уларнинг 150000 дан ортиқроғи Афғонистон фуқароларидир.

Маҳаллий яшовчилардан бири эса, DPA ахборот агентлиги билан суҳбатида ҳужум сатҳини "қассобхона"га тенглаштирган.

Берлиндаги Би-би-си мухбири Дамиен МакГиннеснинг айтишича, қўшни Франциядаги сўнгги қонли ҳодисалар ортидан, Олмонияда ҳам исломий жангариларнинг ҳужумларидан асабийлик ҳолати кузатилаётган бўлган.

Шу йил май ойида Мюнхен яқинида ҳам шунга ўхшаш ҳужум кузатилган.

Пичоқ билан қуролланган шахс бир кишини ўлдириб, яна уч нафарини яралаганди.

Хабарларда унинг ҳужум чоғида "Аллоҳу Акбар", дея қичқиргани айтилган.

Аммо олмониялик масъуллар ҳужумчининг исломий экстремизмга алоқаси борлигини исботлай олишмаган.

Кейинроқ уни руҳий касалликлар касалхонасига юборишганди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.