Давлат тўнтаришини Эрдўғоннинг ўзи уюштирган бўлиши мумкинми?

Туркия, Эрдўғон Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Баъзиларга кўра, Эрдўғон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида бутун машмашани ўзи ташкиллаштирган

Туркияда барбод бўлган давлат тўнтаришига уринишдан сўнг турли фитна назариялари илгари сурила бошланди.

Баъзиларга кўра, гўёки мамлакат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш мақсадида бутун машмашани ўзи ташкиллаштирган.

Би-би-си билан суҳбатда унинг мухолифи Фатҳуллоҳ Гулен ҳам ўзининг иштироки борасидаги айбловларни рад этиб, давлат тўнтаришини Эрдўғон уюштиргани бўлиши мумкин, деб айтди.

Бу каби иддаолар қанчалик ҳақиқатга яқин?

Биз бу саволни Би-би-си Турк хизмати муҳаррири Мурот Нишончиўғлига бердик.

Мурот Нишончиўғли: Одамлар вазият қандай юзага келгани ҳақида мантиқий тушунтиришлар етарли бўлмаганида турли конспирологик, яъни фитнавий назарияларни қўллашга уринадилар. Бироқ, айнан мазкур вазиятда шуни таъкидлаш керакки, Эрдўғонда ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун зарурат ва эҳтиёж йўқ эди. У Туркия халқидан ҳокимият мандатини қўлга киритган, парламентда унинг тарафдорлари кўпчиликни ташкил қилган ва у истаганини қилиб келаяпти, деб айтсак бўлади.

Шу билан бирга, агар биз у Туркия армиясидан баъзи зобитлардан қутилмоқчи эди деган иддаоларни тадқиқ қилсак, бир ойдан сўнг йиллик Олий ҳарбий кенгашда Эрдўғон кимнидир нафақага, кимнидир истеъфога чиқариши, кимнидир юқори лавозимга кўтариши каби масалалар муҳокама этилиши режаланган эди. Яъни, Эрдўғонда айнан шу йўл орқали армияни "тозалаш" учун имкон бор эди. Зеро, тўнтаришдан аввал тарқалган миш-мишларга кўра, Эрдўғон ҳукумати Гулен ҳаракатига алоқадор деб гумон қилинган катта сондаги ҳарбийларни нафақа ва истеъфога чиқаришни кўзлаган экан.

Би-би-си: Туркия шу икки -уч кун мобайнида мутлақ ўзгарди. Туркиянинг замонавий тарихида сиз бу кунларни қандай таърифлаган бўлардингиз?

Мурот Нишончиўғли:Бугунги кунда мураккаб вазият юзага келмоқда: ё мамлакат демократик йўлда кетиши мумкин, ё-да авторитар. Туркия қандай йўл танлашини вақт кўрсатади. Бир тарафдан, аҳолининг юқори фоизи Президент Эрдўғонни қўллаб-қувватлайди, унинг мавқеъи ҳатто мақсадга эришилмаган тўнтаришдан кейин анчайин мустаҳкамланди. Шундай экан, у жамиятда юз берган кескинликни юмшатиши мумкин. Жамият ҳозирда ўта бўлинган. Эрдўғон ушбу тангликни сўндириш учун барча демократик воситаларни қўллаб, барча демократик қонунларни амалга ошириши мумкин. Лекин бутун ҳокимият ҳозирда айнан унинг қўлида жамлангани боис у авторитар сиёсатни қўллаши эҳтимоли катта.

Би-би-си: Қандай қилиб, Эрдўғон тўнтаришга уринган ҳарбийларни енгиб чиқди?

Мурот Нишончиўғли:Агар биз ҳарбий тўнтариш ҳақида гапирсак, уни амалга оширишга уринган ҳарбийлар Турк қуролли кучларининг аксар дастагига эга бўлмаганлар. Масалан, қароргоҳ қўмондони, армия раҳбари, флот раҳбари ва ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони уларни қўллаб-қувватламаганлар. Айнан шу жиҳат ойдин бўлиши биланоқ тўнтариш уриниши мағлуб бўлади, деган фикр ҳам аён бўлди.

Бироқ ушбу путч қандай қилиб мақсадга эришмоқчи бўлгани ҳамон қоронғу.

Одатда, бу каби тўнтариш ташкилотчилари ҳаммага маълумотлар билан бўлишишмайди. Эҳтимол, айрим қуролли бўлинмалар кўчаларга чиқиш ҳақидаги буйруқни олганларида, улар "бутун армия чиқади" деб ўйлаган бўлишлари мумкин. Кўчага чиқиб, армия қўмондонлари йўқлигини кўриб, эҳтимол, баъзилари иштирок этишдан бош тортган бўлишлари мумкин. Бунга қўшимча қилиб, вазиятни яна бундай таърифлаш мумкин: Эҳтимолки, армия истиҳбороти баъзи ҳарбийларнинг ҳаракатлари борасида махфий маълумотларни қўлга киритган бўлиб, тайёр бўлиб туришгандир. Шунинг учун тўнтариш уринишлари қисқа вақт ичида барбод бўлди. Яъни, Эрдўғон ҳамма устидан ғалаба қозонгани йўқ, кўпроқ бутун армия дастагидан маҳрум бўлган путчистлар ўзларини мағлуб этдилар.

Би-би-си: Биз ҳарбийлар, полиция сафларида ва маҳкама тизимида оммавий равишда ишдан бўшатишларга гувоҳ бўлаяпмиз, минглаб касб усталари ё хайдалган ё-да ҳибсга олинган. Уларнинг иш жойларини энди ким эгалайди?

Мурот Нишончиўғли:Бу яхши савол, хусусан ҳарбий қисмлардан оммавий озод этишлар масаласи. Агар юздан ортиқ генераллардан қутилмоқчи бўлсангиз, катта муамолар келиб чиқади. Улар тажриба орттирган ҳарбийлардир, уларнинг ўринларига ёш ва тажрибасиз зобитлар келиши мумкин. Демак, армияда катта муаммолар бошланиши эҳтимоли бор. Чунки, мисол учун, курд шаҳарларига ҳужумларни бошқарган генерал ҳозирда путчистлар қатори ҳибсга олинган. Унинг ўрнига ким келади? Назаримда, ҳозирги шароитда армияда катта муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Маҳкама тизимига келсак, Туркия адлия тизими умуман мукаммал ишлагани йўқ деган назарлар мавжуд. Агар Эрдўғон ҳокимиятни янада ҳам мустаҳкамламоқчи бўлса, унинг ўзи ҳамма нарсани ҳал қилиб адлия устидан ҳукмрон бўлади. Шунинг учун ўз ўринларида қолганлар ҳукумат нима деса, шуни бажарадиган бўладилар. Агар вазият бу томон бурилса, албаттаки катта ташвишларни юзага келтириш эҳтимоли йўқ эмас.

Сиз ҳозирда Туркиядамисиз?

Сизнинг назарингизда ҳарбий тўнтариш уринишлари мамлакатни қандай ўзгартирди? Ҳаёт изига қайтаяптими?

Сиз ўзингиз шу кунлардаги ҳодисаларга гувоҳ бўлдингизми, улар таъсири остида қолдингизми?

Сизнинг шахсий ҳаётингиз ва оилангизга сўнгги беқарорлик қандай таъсир қилди, деб айта оласиз?

Келажакдан сизнинг умидларингиз қандай?

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

•ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

•Instagram - BBC UZBEK

•Twitter - BBC UZBEK

•Odnoklassniki - BBC UZBEK

•Facebook - BBC UZBEK

•Google+BBC UZBEK

•YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

•Skype - uzbekbbclondon

•bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.