Павел Шереметнинг ўлими тасодифми?

Image caption Павел Шеремет ўтирган машина эрталабки соатларда портлаган.

Киев прокуратураси журналист Павел Шереметнинг ўлими юзасидан "қасддан қотиллик" моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган.

Павел Шеремет чоршанба куни эрталаб автомобил портлаши натижасида ҳалок бўлган.

Украина Бош прокурори Юрий Луценкога кўра, Павел Шеремет ўтирган машинада портловчи модда излари топилган.

Айни пайтда мамлакат ИИВ воқеага сабаб бўлган фаразларни ўрганмоқда, улар орасида журналистнинг касбий фаолияти ва "Россия изи" асосий фаразлар сифатида кўрилмоқда.

"Новая газета"нинг журналистнинг дўстларига асосланиб хабар беришича, охирги вақтлар Шеремет ўзини таъқиб қилаётганларидан шикоят қилган.

Павел Шеремет Минскда дафн этилишини айтишган яқинлари.

Image caption Портловчи модда машина тагига жойлаштирилгани айтилмоқда.

Украина ИИВ маслаҳатчиси Зорян Шкирякнинг айтишича, портловчи модданинг кучи 400 дан 600 грамм тротил сиғимига тенг.

"Қўлбола портловчи восита масофадан ёки танаффус билан ҳаракатга келтирилган. Шереметнинг қотиллари жуда профессионал ишлаганлар", деб ёзган Шкиряк Фейсбукда.

Украина Президенти Пётр Порошенко ҳодисани "даҳшатли фожеа" деб атаган.

"Шок, бошқа сўз йўқ", дейди Твиттерда марҳумнинг оила аъзоларига таъзия билдирган президент.

Шеремет ҳамкорлик қилган "Украинская правда" нашрининг аниқлик киритишича, журналист ўтирган машина эрталаб соат 7.45 да Богдан Хмельницкий ва Иван Франк кўчаси ўртасида McDonalds рўпарасида портлатилган.

Журналист "Радио Вести" эфири учун кетаётган бўлган.

"Украинская правда" га кўра, машина газета раҳбари Елена Притулага тегишли, лекин унинг ўзи машина ичида бўлмаган.

Image caption Охирги йиллар Шеремет Киевда истиқомат қилган.

Уч тахмин

Украина ИИВ ҳодисага сабаб бўлган уч фаразни ўрганмоқда.

Улардан бири профессионал фаолият. "Украинская правда" бош муҳаррири Севгиль Мусаева-Боровик ҳам шу фаразни илгари сурган.

Охирги пайтларда Шеремет ҳам Притула ҳам ўзларини номаълум кишилар доимий кузатаётганини айтганлар.

Иккинчи тахмин-"Россия изи".

"Бу жиноятда Россия махсус хизматларининг иштирокини истисно қилмаслик мумкин эмас", деб қайд этган Шкиряк. ИИВ нинг яна бир маслаҳатчиси Антон Геращенко ҳам шу тахминни билдирган.

Россия Журналистлар иттифоқи раҳбари Всеволод Богданов эса бу фаразни кескин рад қилган.

"Бу қидирув йўналишини чалғитишдан бошқа нарса эмас. Мен бу ерда "Россия изи" борлигига ишонмайман, дейди Богданов Интерфаксга.

Шу билан бирга, у Россия Журналистлар иттифоқи Халқаро ва Оврўпо журналистлар федерацияси билан бирга суриштирув жараёнини кузатиш ниятида эканини айтган.

"Содир бўлган воқеа ойдинлашиши учун зарур ҳамма нарсани қиламиз", деб таъкидлаган Богданов.

Учинчи фараз- шахсий адоват.

Image caption Павел Шеремет 44 ёшда эди.

Павел Шеремет 1971 йил Минскда туғилган. У Белорус журналистикасида ёрқин изини қолдирган.

25 ёшида 1990 йилларда энг машҳур нашрлардан бири "Белорусской деловой газеты" нинг муҳаррири бўлган.

1996 йилдан Россиянинг ОРТ (Биринчи канал) каналида Белоруссия бўйича махсус мухбир сифатида иш бошлаган.

Минскда ишлаб туриб Шеремет Белорус Президенти Лукашенкони кўп маротаба танқид қилган.

1997 йил июлида Белорус-Литва чегарасида назорат йўқлиги ҳақида шов-шувли танқидий телелавҳаси орқасидан оператор Завадской билан бирга ҳибсга олинган. Уларга чегарани ноқонуний кесиб ўтиш, хориж махсус хизматларидан пул олиш ва ноқонуний журналист фаолият юргизганлик каби айбловлар илгари сурилган.

Икки йил шартли озодликдан маҳрум этилган ва бир йил синов муддати берилган. У уч ой қамоқда ўтирган.

Шеремет 1998 йил Москвадаги ОРТ таҳририятига ўтган. Кўплаб ҳужжатли филмларга муаллифлик қилган.

1999 йил Press Freedom Award мукофоти билан тақдирланган, 2002 йилда ОХҲТнинг "Журналистика ва демократия" номинацияси мукофоти ғолиби бўлган.

1999 - 2000 йилларда Чеченистонда ишлаб, телеоператор Дмитрий Завадской билан ҳамкорликда "Чеченистон кундалиги" филмини суратга олган.

Кейинроқ, 2000 йил 7 июлда Дмитрий Завадский Минск аэропортида Павел Шереметни кутиб олишга чиққан пайти ўғирлаб кетилган. Унинг тақдири ҳануз номаълумлигича қолмоқда.

2010 йил Белорус ҳукумати Павел Шереметни Россия паспортини олганини сабаб қилиб, фуқароликдан маҳрум қилади.

2013-1014 йилларда Россия Жамоатчилик телевидениесида ўз дастурини олиб борган ва "Украинская правда" билан ҳамкорлик қила бошлаган.

Қрим аннекцияси ва Украина шарқида уруш бошлангач, Россияни тарк этиб, Киевга кўчади.

"Охирги вақтларда Россияда Украина воқеалари ва Россия-Украина уруши тўғрисида Кремл тарғиботига тўғри келмаган тарзда гапирган журналистлар чинакамига тазйиққа олинмоқда.

Мен Қрим аннекцияси ва Украина айирмачиларини дастаклашни қонли бузғунчилик ва Россия сиёсатининг катта хатоси, деб биламан"- деб тушунтирган ўшанда Шеремет ўз мавқеини.

Украинага келгач, у "Радио Вести"да бошловчилик қилаётган ва "Украинская правда"да ўзининг блогини юритаётган эди.

Унинг охирги блоги 17 июлда чоп қилинган. Шеремет унда ҳукуматнинг мураккаб муносабатлари ва Азов батальони ҳақида ёзган.

Павелнинг ўлими тўғрисида турли тахминлар билдирилмоқда ҳамкасблари томонидан. "Агар у ўтирган машина эгаси Притулани ўлдирмоқчи бўлмаган бўлсалар, Шереметнинг ўлими худди журналист Олеся Бузина ўлими каби ритуал қотиллик, дейди журналист Константин Николаев.

Худди Россияда унинг дўсти Борис Немцов ўлдирилиши каби. Ҳеч кимга хавфли эмас, лекин таниқли. Шереметнинг ўлими балки огоҳлантиришдир. Лекин кимга, кимдан ва нима учун, бу саволларга ҳозирча жавоб йўқ, дейди журналист.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.