Германия янги ҳужумлардан огоҳлантирилди

Муҳаммад Рияд Фото муаллифлик ҳуқуқи NONE
Image caption Исломий Давлат гуруҳи бу видеони сешанба куни чоп этди

Германияликлар кичик гуруҳлар ва радикаллашган "ёлғиз бўрилар" ҳужумларига тайёр бўлишлари керак, дея огоҳлантирди мамлакат ички ишлар вазири Томас де Мезьер.

Душанба куни Германия жанубидаги Бавария штатида ҳаракат қилаётган поездда одамларга ташланган 17 ёшли ҳужумчи беш кишини яралаган, улардан иккиси оғир аҳволда.

2015 йилда ота-онасисиз Германияга келган муҳожир ўсмир Муҳаммад Рияд қўлида болта ва пичоқ ушлаган ҳолда полиция томонидан отиб ўлдирилган.

Сирқиб чиққан видеода у ўзининг Исломий Давлат жангари гуруҳи аскари эканини айтади.

Аслида бу ИД ҳужуми эдими?

Жаноб де Мезьерга кўра, ўсмир бола ИД тарғиботидан илҳомланган, аммо унинг ИД буйруқларини бажарганига далил-исбот йўқ.

Гувоҳларга кўра, Муҳаммад Рияд уч марта "Оллоҳу Акбар" дея қичқирган. Унинг хонасидан қўлда чизилган ИД байроғи топилган.

Вазирнинг айтишича, ҳукумат бу каби ҳужумларни бартараф қилиш йўлида қўлидан келган барча ишни қиляпти, аммо уларнинг яна қайтарилмаслигига кафолат йўқ.

"Германияда биз кичик гуруҳлар ва радикаллашган "ёлғиз бўрилар" ҳужумларига тайёр бўлишимиз керак", - деди у.

Жароҳатланган беш кишидан тўрт нафари Гонгонгдан келган оила аъзолари бўлишган. Уларнинг хитойлик бўлгани туфайли ҳужумга учраганига ҳеч қандай ишора йўқ.

Ўсмир ҳужумчи аслида Афғонистонданмиди?

Муҳаммад Рияд яқиндагина Франкфуртдаги қочқинлар марказидан Вюрцбургдаги оила қарамоғига кўчирилганди.

У маҳаллий нонвойхонада ишлаган, уни билганлар ҳеч қандай радикал тарбияси бўлмаган тинч бола дея тасвирлашган.

Аммо, у ҳақиқатдан ҳам Афғонистонмиди, деган саволлар пайдо бўляпти. Хабарларга кўра, унинг хонасидан Покистон ҳужжати топилган.

Кўп ҳолларда покистонлик муҳожирлар Афғонистондан эканини айтадилар, чунки Германияда афғон қочқинларнинг бошпана олишлари осонроқ.

У ўз уйи яқинидаги поездга ҳужум қилишидан аввал олган видеосида ҳам унинг Покистонлик эканига ишора қилувчи жиҳатлар бор.

Унинг пуштун тилида гапириши у қандайдир вақтни Покистонда ўтказганига ишора қилади.

Сурия ҳақида гапирганда у Покистонда қўлланиладиган "Шаъм" сўзини ишлатади. Афғонистонда пуштунзабонлар "Сурия" сўзини қўллайдилар.

Армия ҳақида гапирганида эса у Покистонда қўлланилувчи "фауж" сўзини ишлатади. Афғонистонда эса армия "аурду" деб номланади.

Кўп афғонлар Толибондан қочиб узоқ йиллар Покистонда яшаганлар. Шундай экан, Рияд этник афғон бўлса-да, бутун умр Покистонда яшаган бўлиши мумкин.

Ўтган йили Германия бир миллион муҳожир, жумладан 150 минг афғонни рўйхатдан ўтказган.