Туркия: Фавқулодда ҳолат уч ой амал қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Фавқулодда ҳолат Президент Эрдўғонга уч ой муддатга катта ваколатлар беради.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакатда уч ойлик муддатга фавқулодда ҳолат жорий этилишини эълон қилган.

Фавқулодда ҳолат президент ва ҳукуматга янги қонунларни ишлаб чиқиш ва давлат тўнтаришига уринишига боғлиқ хавфларни бартараф этиш имконини беради.

Ўтган ҳафта 16 июлга ўтар кечаси мамлакатда давлат тўнтаришига уриниш содир этилган эди.

Анқарадаги матбуот анжуманида жаноб Эрдўғон "қуролли кучлар ичидаги барча вируслар тозаланиши"ни билдирди.

Истанбулдан Би-би-си мухбири Марк Лоуэннинг фикрича, фавқулодда ҳолат Президент Эрдўғонга уч ой муддатга катта ваколатлар беради.

У ва кабинети парламент аралашувисиз қонунлар қабул қила олади. Коеституцион маҳкама у қонунларни рад қила олмайди. Матбуотда ва йиғилишларда чекловлар бўлиши мумкин ва ҳибсга олишлар кучайиши эҳтимоли бор. Эрдўғоннинг ўзи ҳам давлат тўнтаришига уринишга алоқадор ҳибслар давом этишини айтган.

Бу қандай амалга оширилади?- деган савол туғилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Давлат тўнтаришига уринишга алоқадорларни ҳибсга олиш давом этмоқда.

Ҳукумат бу амаллар кундалик ҳаётга таъсир қилмаслигини таъкидламоқда. Фавқулодда ҳолат тўнтаришга алоқадор "вирус"ларга талуқли эканини айтмоқда.

Бу каби чоралар ўтган йил ноябр ойида Париждаги портлашлар орқасидан Францияда киритилган эди. Президент Эрдўғон сўзларига кўра, фавқулодда ҳолат демократия ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун керак.

Бироқ инсон ҳақлари ташкилотлари Эрдўғон ва ҳукуматини ҳодисадан сўнг Туркияда "кенг миқёсли тозалашлар" бошлагани учун танқид қилганлар. Оврўпо Иттифоқи, хусусан Франция ва Олмония Эрдўғонни инсон ҳақлари топталишига йўқ қўймасликка чақирган.

Эрдўғон танқидларга жавобан ҳар кимни ўз иши билан шуғулланишини маслаҳат бераркан, "бу чоралар ҳеч ҳам демократия, ҳуқуқ ва эркинликка таъсир кўрсатмайди", деб айтган фавқулодда ҳолат эълон қилганидан сўнг.

Ўз навбатида у давлат тўнтаришига қарши ҳаракатларда ҳалок бўлганларни "шаҳидлар" каби курашганларини таъкидлаб, уларнинг номлари Тақсим майдонида ёдгорлик тахтасига ёзилишини қайд этган. Расмий маълумотлар бўйича, Туркиядаги ҳодисада ҳалок бўлганлар сони 246 нафар.

Би-би-си мухбирига кўра, полиция, махсус хизматлар ва қуролли кучлар қўмондонлиги таркибида ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Туркияда ўтган ҳафта амалга ошмаган давлат тўнтариши ортидан 50 мингдан ошиқ одам ё ҳибсга олинган, ё ишидан бўшатилган ёки ишидан вақтинча четлатилганлар.

600 дан ортиқ мактаблар ёпилди ва президентга тарафдор бўлмаган хизматчилар вазифасидан бўшатилди.

Президент Ражаб Тойиб Эрдўғонга содиқ бўлмаган дея кўрилганларнинг сафига сешанба куни ўқитувчилар, университет деканлари ва матбуот ходимлари киритилди.

Ҳукуматга кўра, улар АҚШда жойлашган уламо Фатҳулла Гуланга алоқадорлар. Гулан жанобларининг ўзи давлат тўнтаришига алоқаси борлигини рад этади.

Бош вазир Бинали Йилдирим Фатҳулла Гулан "террорчи ташкилот"ни бошқарганини айтган.

"Биз уларни илдизи билан қўпорамиз", деди у парламентдаги чиқишида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.