Ереван: Одамлар қон тўкилишидан хавотирда

Би-би-си мухбири Марк Григорян Ереванда бўлиб вазиятни кузатган.

Ереванда олти кундирки, қарама-қаршиликлар давом этмоқда. Бир неча ўн қуролли кишилар патрул-назорат постида тўрт полициячини гаровда ушлаб турибди.

Полиция пости жойлашган Хоренаци кўчаси полиция кордони билан тўсилган. Каска ва қалқонлар билан қуролланган полиция ходимлари рўпарасида бир неча юз ғазабланган оломон йиғилишган.

Бугун улар камроқ. Кундузи иссиқлик даражаси 40 га етган шароитда "навбатчилик"ни ушлаб туриш осон эмас.

Кечга яқин мингга яқин одам тўпланади, баъзида ундан ҳам кўпроқ. Кечаси митинглар бошланади.

Пайшанба тонг саҳар вазият шунчалик таранглашдики, полиция билан тўқнашув юз берди. 138 киши ҳибсга олинди, ўнлаби касалхонага олиб кетилди.

Кейинги кеча ва тун осойишта ўтди. Менинг ҳисобимча, Хоренаци кўчасида соат 11 ларда 700-1000 одам бор эди.

Хавотир ва норозилик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Одамлар полиция штурмни бошласа, янги қон тўкилиши содир этилишидан хавотирдалар. Чунки аллақачон қўн тўкилди- полиция патрул постини ишғолида бир полициячи ўлди.

Намойишчилар ўта мухолиф кайфиятдалар. "Одамларнинг аҳволи жуда ёмон-дейди оломон очидагилар.-камбағаллик, қашшоқлик, булар эса дачаларида байрам қилиб роҳатланишмоқда".

"Булар"- Арманистонда ҳукуматдагиларни, умуман олганда сиёсатчилар ва бадавлат одамлар, ҳукуматга яқин бизнесменларни шундай аташади.

Ҳукуматга ишончсизлик билан бирга улар "адолат билан" ёндашишларига умид кечқурунлари йиғилаётган оломонда ҳозирча мавжуд.

Эпицентр

Ҳукумат намойишчиларни полиция бўлимига яқинлаштирмаяпти.

Биз полиция занжиридан ўн қадам нарида турибмиз.

"Мен бу ерга ҳар куни келаман"- дейди ўрта ёшлардаги паст бўйли аёл,- чунки мени ҳамма вақт бир нарса-қон тўкилиши мумкинлиги ташвишга соляпти".

Бу иборани жуда кўплар айтишяпти ҳозир- тўқнашув марказида ҳам, ундан чеккада ҳам.

Бир нечта мухолиф сайтлар узлуксиз трансляциялар олиб боришмоқда. Уни нафақат Ереванда, Москвада ҳам, Париж, Лос-Анжелес, Торонто... қаерда арман жамоаси бўлса кузатишяпти.

Ҳодиса юзасидан аксилҳукумат кайфият ва баҳслар ижтимоий тармоқларга ҳам кўчган.

Хоренаци кўчаси ҳаяжонлар марказига айланган. Йиғилганлар орасида ҳукуматга ва ҳодисага қараш турлича бўлсада, улар қарама-қаршилик штурмгача олиб борилмаслиги кераклигида якдил.

Чоршанба куни ҳукумат вакили Эдуард Шармазанов раҳбарият ҳам муаммони қуролли йўл билан ҳал қилишга қарши эканини билдирди.

"Бизга қон тўкиш керак эмас. Муаммолар кўп. Лекин ҳозир бу вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш лозим", деб айтган у журналистларга.

Бироқ ҳеч ким қандай ечим эканини билмайди.

"Йигитлар агар таслим бўлишса, уларни терроризм ва полициячини ўлими учун жазолашларини тушунишади. Ҳукумат эса уларни ҳибсга олишлари лозим. Нима қилиш керак?"- дейди ереванликлардан бири.

Мухолифат гуруҳ аъзоларини "йигитлар" дейишади кўпинча.

Уларнинг ҳимоясига Ереванда намойишлар ўтказилмоқда.

Арманистонда кўпчилик радикал ўзгаришлар тарафдори. Шу билан бирга, сиёсатчилар ва сиёсатга ишонч бутунлай паст даражада. Одамлар ҳукуматга ишонмайди.

Қорабоғ муаммосининг ҳал қилинмагани ва чегарада тобора кўпроқ тўқнашувлар келиб чиқаётгани радикализмни оширади.

Полициянинг сўнгги кунлардаги ҳаракати- фаолларнинг калтакланиши, оммавий ҳибслар ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларига муносабатни яхшиламайди.

"Сасна црер" - гуруҳи эса қорабоғ уруши қатнашчилари билан ўралган.

Улар билан музокаралар давом этмоқда. Бироқ натижа нима билан тугаши номаълум.

Ҳодиса

Қуролланган гуруҳ 17 июл куни Арманистон пойтахти Еревандаги полиция идорасига бостириб кирганлар ва инсонларни гаровга олганлар.

Улар сиёсий тутқун деб билган кишини озод этиш талабини илгари сурганлар.

Ереван шаҳрининг Эребуни туманидаги полиция патрул-қўриқлаш хизмати полкига содир этилган ҳужумда бир полиция ходими ҳалок бўлган.

Улар Жирайр Сефилян ва сиёсий тутқун деб билган бошқа одамларни қамоқдан озод этишни талаб қилганлар.

Жирайр Сефилян мухолифат фаоли, у мухолифатдаги "Янги Арманистон" гуруҳи етакчиларидан бири ҳисобланади.

У Тоғли Қорабоғ урушида қатнашган.

У Арманистон ҳукуматини Тоғли Қорабоққа нисбатан юритаётган сиёсати учун танқид қилиб келган.

Шу йил 22 июнида Жирайр Сефилян ҳибсга олинган, уни ноқонуний қурол сақлашда айблашган.

Арманистон расмийлари Жирайр Сефилянни давлат идоралари,шу жумладан Еревандаги телеминорани босиб олишни режалаштиришда гумон қилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.