Олмония полицияси: Мюнхендаги қуролли якка ўзи ҳаракат қилган

Мюнхен полицияси Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Олмония полицияси Мюнхендаги савдо марказида тўққиз инсонни отиб ўлдирган ва 16 кишини жароҳатлаган шахс бир ўзи бу зўравонликка қўл урган деб кўради.

Ҳужумчининг ёши 18 да экани, икки фуқароликка эга бўлгани ва Мюнхенда яшагани ҳақида хабар берган полиция матбуот анжуманида.

Олмония ва Эрон фуқаролиги бўлган бу инсоннинг нега ён-атрофдагиларни тўппонча билан нишонга олиб ўлдиришга қасд қилгани сабаби ҳозирча аниқ эмас.

Унинг исми-шарифи ҳам эълон қилинмаган.

Ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 18 ларда рўй берган.

Мюнхендаги Олимпия савдо маркази яқинидаги тезда овқатланиш ресторанида бир шахс ўтган-кетган одамларга қарата ўт очишни бошлаган.

Бу Бавариядаги энг йирик савдо маркази ҳисобланади.

Полиция йирик аксилтеррор амалиётини бошлаган.

Жамоатчилик савдо марказига яқинлашмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Минглаб инсонлар темир йўл станцияси, бегона одамларнинг уйларида тунни ўтказишга мажбур бўлганлар.

Ҳужумчининг жасади савдо марказидан 1 километрча узоқликдаги жойда топилган.

У полиция томонидан отиб ўлдирилганми ёки ўз жонига қасд қилганми, буни полиция ўрганаяпти.

Полиция ҳужумчининг уйида тинтув бошлаган.

Полиция бу шахснинг бундан олдин полицияга маълум бўлмаганини, бирор бир жангари гуруҳга алоқаси бор-йўқлиги ҳам номаълум эканини айтган.

Бошида Мюнхендаги ҳужумчилар сони учта экани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Полицияга кўра, тўғри келган инсонга ўт очилгани оқибатида 9 инсон ҳаётдан кўз юмган, 16 киши яраланган.

Улардан уч нафарининг аҳволи оғир экани хабар қилинмоқда.

Полиция ўзининг терговига ёрдам мақсадида жамоатчиликка мурожаат қилиб, ҳужум пайти тасвирга туширган видеоларини терговчиларга тақдим қилишни сўраган.

18 июл куни Бавариянинг Вюрцбург шаҳридаги поезд йўловчиларига болта ва пичоқ билан ҳужум қилган, тўрт инсон яраланган эди.

Ҳужумчининг асли афғонистонлик 17 ёшли муҳожир ўсмир Муҳаммад Рияд экани айтилган, уни полиция отиб ўлдирган.

Полицияга кўра, ўсмир "Исломий Давлат" тарғиботидан илҳомланган, аммо унинг ИД буйруқларини бажарганига далил-исбот йўқ.

Гувоҳларга кўра, Муҳаммад Рияд уч марта "Оллоҳу Акбар" дея қичқирган.

Унинг хонасидан қўлда чизилган ИШИД байроғи топилган.

Ички ишлар вазири Томас де Мезьер, олмонияликлар кичик гуруҳлар ва радикаллашган "ёлғиз бўрилар" ҳужумларига тайёр бўлишлари керак, дея огоҳлантирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.