Афғонистон қурбонларга мотам тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Пойтахт Кобулда шанба куни юз берган ва камида 80 инсонинг умрига зомин бўлган йирик портлаш ортидан Афғон ҳукумати мотам куни эълон қилган.

Якшанба куни портлашда ўлдирилган инсонларни оммавий дафн маросимларига тайёргарлик кўрилмоқда.

Қурбонлар шаҳар чеккасидаги янги қабристонда тупроққа берилади.

Бу йил ҳисобидан Афғонистонда юз берган энг қонлиси, деб айтилаётган ҳодисада 230 га яқин киши яраланган.

Портлаш Кобулда шиа-ҳазорийлар норозилик намойиши пайти содир этилган. Ҳодиса пойтахт Кобулнинг Деҳ Мазанг хиёбонида рўй берган.

Ҳазоралар ўзлари истиқомат қиладиган ҳудудни айланиб ўтиш режалаштирилган TUTAP электр линияси лойиҳасига қарши бир неча марта норозилик намойишлари ташкил қилишган, 23 июл куни ҳам марш режаланган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Намойишчилар тўпланаётган пайтда кучли портлаш юз берган.

Ҳужумга масъулиятни "Исломий давлат" жангари гуруҳи ўз зиммасига олган.

Толибон ҳаракати ҳужумни қоралаган ва унга ҳеч бир алоқаси йўқлигини айтиб чиққан.

ИД нинг Афғонистон шарқида фаолияти аввалдан маълум бўлсада, шанба кунги ҳодиса жангариларнинг Кобулда амалга оширган илк йирик ҳужумидир.

Президент Ашраф Ғани инсонлар ўлими учун қасос олишга ваъда берди.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси раҳбари Тадамичи Ямамото ҳужумни уруш жинояти деб атади.

Портлаш жойида бўлган гувоҳларнинг сўзларига кўра, атрофда қон ва инсон жасадлари парчалари сочилиб кетганидек даҳшатли манзарани кўрганлар.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда портлашга алоқадор кўплаб суратлар қўйилмоқда. Инсонлар бедарак кетган болаларининг суратларини жойлаб, кўрганлар бўлса хабар беришларини сўрашмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ярадорларнинг яқинлари Кобулдаги касалхона атрофида тўпланишган.

Бутун Афғонистон бўйлаб ярадорларга қон бериш ҳаракатлари бошланган.

Ҳазоралар норозилиги

Ҳазоралар норозилик юриши боис пойтахт Кобулнинг марказида катта ҳудуд ўраб олинган эди.

Осиё Тараққиёт банки ҳомийлик қилаётган TUTAP(Turkmenistan-Uzbekistan-Tajikistan-Afghanistan-Pakistan) лойиҳаси бир неча миллионли йирик инфраструктурали лойиҳадир.

TUTAP 500 киловатт электр қувватини Марказий Осиёдан Афғонистон орқали Покистонга ўтказишни назарда тутган.

Ҳозирги режага кўра, Афғонистоннинг Пули Хумри шаҳридан тортилган электр узатиш линияси Саланг довони орқали Кобулга етказилиши лозим.

Бироқ TUTAPнинг илк режасида электр линиясини аксар Ҳазора миллати яшайдиган Бомиён вилояти орқали барпо этиш кўзда тутилган эди.

Йирик лойиҳанинг ўтиш йўли Бомиёндан Салангга ўзгартирилгани Ҳазораларни ғазаблантирган.

15 май куни Бомиённинг ўзида норозилик амалиётлари ташкил қилинган.

Эртаси куни эса Афғонистон пойтахтида тўпланган Ҳазоралар айтишича, ўзларига нисбатан камситиш сиёсати юритилмоқда.

Ҳазоралар, Толибон ҳокимиятдан ағдарилган 2001 йилдан буён Бомиён вилояти тараққиётига мамлакат раҳбарияти эътибор бермай келаяпти, дейдилар.

Хабар қилинишича, TUTAP лойиҳасини Саланг орқали ўтказишга Афғонистон ягона электр тармоғини барпо этиш боис қарор қилинган.

Ҳозирги пайтда Афғонистоннинг 30 фоизи электр қуввати билан таъминланган ва мамлакатнинг турли қисмлари электр энергиясини турли мамлакатлардан олади.

Ғарбий ҳудудлар Эрон, шимолий вилоятлар Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келаётган электрдан фойдаланадилар.

Бир ҳудудда электр тақчиллиги юзага келган пайтда иккинчи ҳудуддан осонлик билан қувватни йўналтириш имкониятини берадиган Афғонистон ягона электр тармоғини барпо этиш мақсадга мувофиқ, деган қарорга келинган ва шу сабаб Пули Хумридан электр узатиш линиясини Саланг довони орқали тортиш режаси тузилган.

Ҳазоралар эса Пули Хумридан линияни аввал Бомиёнга, сўнг Вардак вилоятига, сўнг Кобулга тортишни талаб қилмоқдалар.

Афғонистон ҳукуматига кўра, ҳозирги режа Бомиён ва Вардакка ҳам электр таъминиотини яхшилайди.

Дастлабки режа эса ўн миллионлаб доллар қимматга тушади ва қуриш кўп вақтни олади.

Ҳозирги режани 2018 йилда ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Ҳазораларнинг норозилик намойишлари боис Афғонистон Президенти Ашраф Ғани TUTAP лойиҳасининг йўналишини қайта кўриб чиқишга фармойиш берган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг