Россиялик спортчилар Рио олимпиадасида иштирок этади

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ёзги Олимпиада мусобақаларига 12 кун қолганда, Халқаро Олимпия қўмитаси Россия жамоасини 2016 йил Рио Ўйинларидан тўлиқ четлатмасликка қарор қилди.

Допинг бўйича жанжаллар ортидан Россия Олимпия ўйинларида қатнашиши шу кунгача ноаниқ қолаётган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси сайтида хабар берилишича, қарорни жуда қисқа муддат ичида қабул қилишларига тўғри келган.

Шу билан бирга, Олимпиадада алоҳида спортчи ва спорт турлари бўйича жамоаларнинг иштироки тўғрисида қарорни халқаро спорт федерацияларининг ўзи бериши қайд этилган.

Россиялик спортчилар белгиланган аниқ меъёрларга тўғри келсалар, мусобақаларга қатнашишлари мумкинлигини билдирган Халқаро спорт қўмитаси.

Россия Олимпия қўмитаси раиси Александр Жуков бундан олдин халқаро қўмита билан музокараларда Россия ва Олимпия қўмитаси халқаро ташкилотлар, барча йўналишлар бўйича WADA ва МОК комиссиялари билан ҳамкорликда ишлашига кафолат берган.

18 июлда Допингга қарши агентлик (WADA) канадалик ҳуқуқшунос Ричард Макларен раҳбарлигида 2014 йил Сочи Олимпиадасидаги допинг махинациялари ҳақида текширув хулосаларини тақдим этган. Макларен Россия жамоаси 2011-2015 йиллар оралиғида допинг истеъмол қилиб, мусобақаларда қатнашган, деган даъвоси орқасидан WADA барча россиялик спортчиларни 2016 йил Олимпиада ўйинларидан четлатиш, шунингдек, Спорт вазири Виталий Муткони истеъфога чиқаришга чақирган.

Россия оммавий ахборот воситаларида ҳам мамлакат Олимпия жамоаси ўйинлардан четлатилса, Спорт вазири Виталий Мутко истеъфо бериши мумкинлиги, унинг ўрнига бадиий гимнастика бўйича бош тренер Ирина Винер тайинлаши ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Олдинроқ эса Ирина Винернинг турмуш ўртоғи, асли ўзбек россиялик бизнесмен Алишер Усмонов "тоза" спортчиларнинг ўйинларда қатнашишига рухсат берилиши кераклигини айтганди.

Халқаро Қиличбозлик Федерациясининг Президенти Алишер Усмонов Халқаро Олимпия Қўмитаси(ХОҚ) Президенти Томас Бахга мактуб йўллаб, допинг қабул қилмаган спортчилар амалдорлар йўл қўйган хатолардан азият чекмасликлари лозимлигини ёзган.

Алишер Усмонов ўзи раҳбарлик қиладиган қиличбозлар федерацияси ХОҚнинг допингга қарши кураш мақсадида кўраётган барча амалларини тўла қўллаб-қувватлашини билдирган.

Россиялик "тоза" спортчилар ҳимоясига Президент Путин, собиқ иттифоқ президенти Горбачёв ҳам чиқишган. Айни пайтда Путин спортда допингга ўрин бўлмаслиги кераклигини таъкидлаган.

Рио Ўйинлари 5 августда бошланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondonb
  • • bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг