Олмония: “Суриялик қочқин ўзини ўзи портлатган”

Ансбахдаги портлаш жойи Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Олмония расмийлари хабар тарқатишларича, Бавариянинг Ансбах шаҳридаги қаҳвахона остонасида суриялик қочқин ўзини ўзи портлатган.

Ёши 27 да экани айтилаётган эркак қочқиннинг исми-шарифи эълон қилинмаяпти.

Унинг 2 йил олдин Олмонияга келгани, унга қочқинлик мақомини бериш рад этилгани, аммо Суриядаги вазиятни ҳисобга олиб, вақтинча яшаш ҳуқуқи берилгани хабар қилинмоқда.

Ансбах шаҳрида суриялик қочқинга уй берилган, унинг руҳий хасталиклардан даволангани ҳам маълум бўлган.

Бавария ички ишлар вазири Йоахим Херрманнинг айтишича, бу одам бундан олдин ҳам икки марта ўзини ўзи ўлдиришга ҳаракат қилган.

Ансбахдаги қаҳвахонага кириш жойида рўй берган портлашда сурияликнинг ўзи ҳалок бўлган, 12 киши жароҳат олган.

Йоахим Херрман айтишича, суриялик қочқиннинг рюкзагидан топилган портловчи моддалар кўп сондаги инсонларни ўлдириш ёки ярадор қилиш учун етарли бўлган.

Бавария ички ишлар вазири сўзларига кўра, бундан олдин бу одам шу яқин атрофда ўтаётган мусиқа фестивалига киришга ҳаракат қилган, лекин уни ичкарига киргизишмаган.

Жаноб Херрман фикрича, суриялик қочқин мусиқа фестивали иштирокчиларини нишонга олган бўлиши мумкин.

Бу Баварияда сўнгги бир ҳафта мобайнида юз берган учинчи ҳужумдир.

Ўтган душанба куни Вюрцбург шаҳри яқинида поезд йўловчиларига афғонистонлик қочқин ўсмир болта ва пичоқ билан ҳужум қилиб тўрт кишини жароҳатлаган, сўнг унинг ўзини полиция отиб ўлдирган эди.

Мюнхен шаҳридаги савдо марказида 18 ёшли Эрон ва Олмония фуқароликларига эга ўспирин оломонга қарата ўт очган, тўққиз инсонни ҳалок этган, 16 кишини яралаган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondonb

• bcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг