Туркия матбуоти: 42 журналистни ҳибсга олишга буйруқ берилган

Турклар рўзномалар мутолаасида Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, давлат тўнтаришига уринишга алоқадор тергов доирасида 42 журналистни ҳибсга олиш буйруқларига имзо чекилган.

Расман ушбу хабарларга изоҳ берилгани йўқ.

Айрим хабарларда журналистлар рўйхатида Туркияда таниқли шарҳловчи ва собиқ парламент аъзоси Нозли Илижак ҳам бор.

Барбод бўлган давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлик гумони билан 16 июлдан буён 60000 дан ортиқ киши ҳибсга олинган ёки ишларидан бўшатилганлар.

Улар орасида 9000 полициячи, 6000 ҳарбий, 3000 ҳакам ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари бор.

Туркия ҳукумати 2000 дан ортиқ ташкилотни ёпишга қарор қилган.

Расмийларга кўра, 1000 дан ортиқ хусусий мактаб, 1200 дан зиёд жамғарма ва хайрия ташкилоти, 19 та касаба уюшмаси, 15 университет ва 35 тиббиёт муассасаси АҚШда истиқомат қиладиган исломий даъватчи Фатҳуллоҳ Гуленга боғлиқдир.

Бундан олдин Туркия Бош вазири ўринбосари Нуреттин Жаникли Би-би-си билан суҳбатда ҳибсга олинган ва ишларидан бўшатилган 60 минг киши фақат "музтоғнинг чўққиси" эканини айтган ва бундан кейин бундан ҳам кўп ҳибслар амалга оширилишини билдирган эди.

Туркия ҳукуматига кўра, АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайдиган Фатҳуллоҳ Гулен ўзининг ҳарбийлар орасидаги тарафдорлари билан давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган.

Фатҳуллоҳ Гулен давлат тўнтаришига уринишга ўзининг алоқаси борлигини рад этади.

Туркия ҳукумати АҚШдан Фатҳуллоҳ Гулен топширилишини истайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

• ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

• Instagram - BBC UZBEK

• Twitter - BBC UZBEK

• Odnoklassniki - BBC UZBEK

• Facebook - BBC UZBEK

• Google+BBC UZBEK

• YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

• Skype - uzbekbbclondon

• bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг