Сурия инқирози:Эрдўғон ОИни танқид қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Туркия президенти

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Оврўпо Иттифоқини суриялик қочқинлар бўйича келишувда берган ваъдаларини бажармаётганликда айблаган.

Унга кўра, Оврўпо раҳбарлари " самимий" эмас.

Март ойида ОИ ва Туркия ўртасида қочқинлар масаласи бўйича эришилган келишув тақдирига 15 июл куни кечган тўнтариш уриниши соя солган.

"Оврўпо раҳбарлари самимий эмас", деб айтган Эрдўғон Олмониянинг ARD телевизиони билан суҳбатда.

Оврўпо Иттифоқи ваъда қилган 3 миллиард евродан, Эрдўғонга кўра, ҳозирга қадар нари борса 2 миллион евро тўланган.

Туркияда 2.7 миллион суриялик қочқин бошпана топган.

Ҳозирга қадар президент Эрдўғонга кўра, Туркия суриялик қочқинлар учун 11 миллиард евро сарфлаган.

"Туркия қочқинлар масаласида ўз ваъдаларида собит туради", деб айтган Эрдўғон.

Март ойида ОИ ва Туркия келишувга эришмасидан аввал Юнонистон қочқинлар оқимини идора қилолмай қолган эди.

Айни келишув имзоланганидан кейин кечган тўрт ой ичида эса Юнонистонга денгиз оша келаётган қочқинлар оқими кескин камайган.

Россия томон қадам ва ё "сен бўлмасанг, бошқаси..."ми?

Оврўпо Иттифоқи ва Туркия ўртасида қочқинларга доир эришилган келишувда Туркия фуқароларига Шенген ҳудудида визасиз саёҳат имкони ҳам берилиши керак эди.

"Биз ўз ваъдаларимизни бажармоқдамиз, аммо Оврўпо бажармоқдами", деб сўраган Эрдўғон айни шу визасиз саёҳат ҳақидаги келишувга ишора қилиб.

Айни пайтда Анқаранинг Москва билан муносабатлари бир қадар илиб бораётгани кузатилган.

9 август куни Туркия президенти ўзининг ҳамкасби Владимир Путин билан Санкт-Петербургда учрашиши режаланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.

Алоқадор мавзулар