Японияда 19 ногирон пичоқланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Ваҳшиёна қотиллик Японияни даҳшатга солган

Япониянинг Сагамихара шаҳридаги руҳий касаллар марказига ҳужум қилинган, 19 инсон пичоқланган.

Японияда оммавий одам ўлдириш ҳоллари ниҳоятда кам кузатилади ва бу ўнлаб йиллардан бери амалга оширилган энг қонли ҳужумдир.

Мазкур ҳолат қисман қурол-яроғ назоратига оид қаттиққўл қонунлар амалда экани билан изоҳланади.

Полиция айни тиббий марказда феврал ойигача ишлаган шахсни ҳодисага алоқадорлик айблови билан ҳибсга олган. Айтилишича, унинг ўзи ҳужумдан сўнг полицияга таслим бўлган.

Хабарларга кўра, ҳужумчи ногиронлар "йўқ бўлишини" истаган.

Мазкур ваҳшиёна қотиллик дунёдаги энг хавфсиз мамлакатлардан бири кўрилган Японияни даҳшатга солган.

Япония хукумати бош котиби Ёсихидэ Суга бу "кўплаб бегуноҳ инсонлар жабр кўрган дилни оғритувчи ва қайғули ҳодиса" бўлганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Канагава префектураси ҳокими жабрдийдалар ҳаққига дуо қилмоқда

Сиёсатчиларга мактуб

Гумондор 26 ёшли Сатоши Уемацу экани айтилади.

Киодо ахборот агентлигининг хабар қилишича, у феврал ойи сиёсатчиларга хатлар йўллаб, тунги навбатчилиги пайти юзлаб ногиронларни ўлдириш билан таҳдид қилган. Ахборот агентлиги Уемацунинг парламент қуйи палатаси раисига ёзган мактубини қўлга киритганини айтади.

Гўё Уемацу: "Мақсадим ўта ногирон бўлганларни, агар улар уйларида яшаш ҳамда жамиятда фаол бўлишга қодир бўлмасалар, яқинлари розилиги билан эвтаназия қилиш (яқинлари розилиги билан ҳаётдан маҳрум қилиш) мумкин бўлган дунёдир", деб ёзган.

Ўшандан сўнг у касалхонада қарийб икки ҳафта ушлаб турилган ва кейин қўйиб юборилган.

Канагава префектураси ҳокими мазкур огоҳлантириш юзасидан чора кўрмагани учун узр сўраган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.