Туркияда " Zaman"нинг 47 журналисти ҳибсга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Туркия ҳукумати тўнтаришга уринишга алоқадорлик билан мамлакатда йирик "Zaman" нашрининг 47 журналистини ҳибсга олган.

Улар АҚШда муҳожиротда яшовчи диний уламо Фатҳуллоҳ Гулен билан яқинликда гумон қилинмоқда.

Ушланганлар орасида рўзнома раҳбарияти вакиллари ва блоггерлар бор.

Гуленнинг ўзи бир неча маротаба давлат тўнтаришига алоқасини инкор қилиб чиқди ва уни қоралади.

Давлатнинг Анадолу агентлиги ҳибсдагилар орасида "Zaman"нинг блоггерларидан Сахин Алпай борлигини хабар беради.

Мухолифатнинг рўзномасини шу йилнинг март ойида Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқадорликда гумон қилгандилар. Ўшанда Турк ҳукумати норозилик намойиши ортидан нашрга нисбатан ташқаридан назоратни киритганди.

Душанба куни ҳам 42 журналистни қўлга олишга буйруқ берилган, ундан 16 таси терговни кутаётгани тўғрисида хабар тарқалган.

Бироқ расман ушбу хабарларга изоҳ берилгани йўқ.

Айрим хабарларда журналистлар рўйхатида Туркияда таниқли шарҳловчи ва собиқ парламент аъзоси Нозли Илижак номи келтирилган.

Халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари бундан аввал Туркияни сўз эркинлиги бўғилган мамлакатлар қаторига киритган.

"Чегара билмас мухбирлар" эса Туркия ҳукуматидан қамоқдаги журналистларни озод қилишга чақирганди. Туркия маҳкум журналистлар сони бўйича жаҳонда етакчи ўринларда экани айтилади ҳисоботларда.

16 июлдан буён барбод бўлган давлат тўнтаришига уринишга алоқадорлик гумони билан 60000 дан ортиқ киши ҳибсга олинган ёки ишларидан бўшатилганлар.

Улар орасида 9000 полициячи, 6000 ҳарбий, 3000 ҳакам ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари бор.

Туркия ҳукумати 2000 дан ортиқ ташкилотни ёпишга қарор қилган.

Расмийларга кўра, 1000 дан ортиқ хусусий мактаб, 1200 дан зиёд жамғарма ва хайрия ташкилоти, 19 та касаба уюшмаси, 15 университет ва 35 тиббиёт муассасаси АҚШда истиқомат қиладиган исломий даъватчи Фатҳуллоҳ Гуленга боғлиқдир.

Бундан олдин Туркия Бош вазири ўринбосари Нуреттин Жаникли Би-би-си билан суҳбатда ҳибсга олинган ва ишларидан бўшатилган 60 минг киши фақат "музтоғнинг чўққиси" эканини айтган ва бундан кейин бундан ҳам кўп ҳибслар амалга оширилишини билдирган эди.

Туркия ҳукуматига кўра, АҚШнинг Пенсилвания штатида яшайдиган Фатҳуллоҳ Гулен ўзининг ҳарбийлар орасидаги тарафдорлари билан давлат тўнтаришини амалга оширмоқчи бўлган.

Фатҳуллоҳ Гулен давлат тўнтаришига уринишга ўзининг алоқаси борлигини рад этади.

Туркия ҳукумати АҚШдан Фатҳуллоҳ Гулен топширилишини истайди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • • Instagram - BBC UZBEK
  • • Twitter - BBC UZBEK
  • • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • • Facebook - BBC UZBEK
  • • Google+BBC UZBEK
  • • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • • Skype - uzbekbbclondon
  • • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг