‘Боко Ҳарам’ 50 та болани худкушчига айлантирган’

Нигериядаги "Боко Ҳарам" гуруҳи Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бундай баёнот билан Бирлашган Миллатлар Бош котибининг Инсонпарварлик масалалари бўйича муовини Стивен О'Брайен чиққан.

Унинг айтишича, Нигериядаги 'Боко Ҳарам' исломий жангари гуруҳ ўтган ярим йилнинг ўзида бу ишга муваффақ бўлган.

"Боко Ҳарам" тайёрлаган ўнлаб худкушчи болалар эса, тўрт Африка давлати ҳудудида террорчилик амалларига қўл уришга ҳам улгуришган.

О'Брайен, ўз ўрнида, гуруҳни Нигериядаги "ақл бовар қилмас" зўравонликлар ва шафқатсизликларда ҳам айблаган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби муовинига кўра, айнан "Боко Ҳарам" гуруҳининг фаолияти боис, қарийб 9 миллион инсон бугун фавқулодда кўмакка муҳтож. Улардан 7 миллиони - нигерияликлардир.

2.8 миллион киши дарбадарликка юз тутган. Эҳтиёжмандларга кўмак етказиш қийин. 5.2 миллион инсон қорни тўйиб овқат емайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Нигериянинг яқин-яқингача жангарилар қўлида бўлган Борно штатида 250 бола оч-наҳор аҳволда.

О'Брайен жанобларига кўра, агар ўз вақтида ёрдам етказилмаса, бу болаларнинг ҳар бештадан биттаси ҳаётдан кўз юмиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг огоҳлантиришича, ажратилаётган маблағ етарлича эмаслиги боис, "Боко Ҳарам"га қарши кураш ҳам самарали бўлмаётир.

"Боко Ҳарам" ўз жангари амалиётларини 2009 йилда бошлаган.

Гуруҳ орада кечган вақт давомида минглаб инсонларни ўлдирган, яна юзлабини олиб қочган.

2015 йилнинг март ойида эса, "Боко Ҳарам" Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.