Россиялик ҳарбий тожик қизни ўлимида қамалди

Уралск округ маҳкамаси душанбелик 22 ёшли Шоира Жобированинг ўлимида айбланган россиялик ҳарбий Иван Щербаковни 12 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этган.

Тожикистондаги 201 ҳарбий базанинг зобити бўлган Иван Шербаков Россия Жиноят кодексининг қотиллик моддаси бўйича айбдор деб топилган.

Иван Щербаков айбига тўлиқ иқрор бўлгани айтилмоқда.

Маҳкама жараёни Россиянинг Душанбедаги базасида ОАВ дан холи, ёпиқ тарзда бўлиб ўтган.

Терговга алоқадор манбаънинг Би-би-сига билдиришича, жиноий ишда айбланувчи ва қурбонга алоқадор шахсий мазмун касб этган маълумотлар бўлиб, журналистлар маҳкама залига қўйилмаганлар.

Ёш аёлнинг қотиллиги ўтган йил 5 ноябрда юз берган. Шоира Жобированинг жасади даҳшатли қийноқ излари билан Россия базасига яқин ахлат қутисидан топилгани айтилганди суриштирув идоралари томонидан.

Жиноий иш билан Россия ва Тожикистон қидирув-тергов гуруҳи ходимлари Щербаков хизмат қилган 201 ҳарбий база қўмондонлиги билан ҳамкорликда шуғулланганлар.

Тергов маълумотларига биноан, Иван Щербаков ва Шоира Жобирова ўртасида пул устидан келишмовчилик пайдо бўлган. Марҳума Душанбедаги тунги клублардан бирида ишлаган ва мижозларга жинсий томондан хизмат кўрсатгани ҳам келтирилади маҳкама ҳужжатларида.

Қотиллик содир этилган кун аёл россиялик зобит билан ҳарбий шаҳарчадаги уйига боради. Назорат постида у ҳарбийнинг хотини сифатида рўйхатга олинган.

Тергов хулосасига кўра, аёл пул талаб қилган, Щербаковда эса пул бўлмаган ўша пайтда. Натижада ўзаро гап талашиш жанжалга айланиб кетади ва аёл оғир тан жароҳати олади.

Олдинроқ россиялик зобит қурбонини жинсий зўрлаганликда айбланган ҳам эди. Бироқ суд-тиббий экспертизага кўра, қотиллик кечаси улар орасида жинсий яқинлик бўлмаган. Иван Шербаков жаҳл устида аёлни ўлдиргач, уни ахлат қутисига яширишга қарор қилган, дейилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02 •ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • •Instagram - BBC UZBEK
  • •Twitter - BBC UZBEK
  • •Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • •Facebook - BBC UZBEK
  • •Google+BBC UZBEK
  • •YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • •Skype - uzbekbbclondon
  • •bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.