Эрдўғон ўзини ҳақорат қилганларни авф этади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўзининг шахсини ҳақорат қилганликда айбланиб маҳкамага юз тутганларни авф этишини билдирди.

Эрдўғон президент қароргоҳидаги чиқишида бу қарорини давлат тўнтаришидан сўнг миллий бирликка эришиш мақсади билан изоҳлади.

Айни пайтда президентни ҳақорат қилганликда мамлакатнинг 1845 фуқароси айбланмоқда.

Барча ҳолатлар бўйича текширувлар олиб борилаётгани хабар қилинади.

Маҳкама кимни айбдор деб топса, Туркия қонунларига биноан, моддий жарима ёки бир йилдан тўрт йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади.

Икки ҳафта олдин Туркия маҳкамаси мухолифатдаги Халқ демократик партияси раҳбари Камол Қиличдарўғлини Эрдўғоннинг ҳақорат қилгани учун 50 минг лира( 17 минг АҚШ доллари) ҳисобида жаримага тортганди. Қиличдарўғли партиядошлари қаршисида Эрдўғонни диктатор деб атаган.

Июн ойида маҳкама фейсбукда Эрдўғон суратини жойлаган Ричат Четинни президентни масхара қилганликда айбдор деб топиб, беш йил шартли қамоқ жазоси белгилаган, шу билан бирга, уни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилганди.

Май ойида "Туркия гўзали" Мерва Буюксарач иши бўйича маҳкама қарори чиқарилган.

Мерва Буюксарач 2014 йил Эрдўғон бош вазирлик пайтида Инстаграм саҳифасида Эрдўғон танқид қилинган "Доҳий поэмаси"га линкни чоп этган. У Туркия мадҳиясига пародия бўлиб, Uykusuz журналида нашр қилинган. Бироз муддатдан сўнг Мерва постини олиб ташлаган, лекин маҳкама уни президентни ҳақорат қилганлиги учун 14 ойлик шартли жазо тайинлаган.

Туркия Президенти ўз ўрнида амалга ошмаган давлат тўнтаришидан сўнг ҳукумат билан бирдамлигини намоён қилмаган Ғарб давлатларини танқид қилди.

Жаноб Эрдўғон Туркия демократияси тақдиридан кўра, исёнчилар тўғрисида қайғурганлар Туркиянинг дўсти эмас, деб айтган.

"Оврўпо Иттифоқидан ҳам, Ғарбдан ҳам бирорта инсон келиб ҳамдардлик билдирмади. Туркиядаги демократия, халқимиз келажаги ўйлантирмаган ўша мамлакатлар, ўша раҳбарлар айни пайтда исёнчиларнинг тақдиридан хавотирга тушишди.

Бундай мамлакатлар Анқаранинг дўсти бўла олмайди", деган у.

Шунингдек, жаноб Эрдўғон хориж давлатларини Туркиянинг ички ишига аралашмасликни, бунинг ўрнига ўз мамлакатлари муаммолари билан шуғулланишни маслаҳат берди.

Олдинроқ Эрдўғон Америка марказий қўмондонлиги раҳбари Жозеф Вотелни "исёнчилар томонида" турганликда танқид қилганди.

Америкалик генерал Вотел Туркияда баъзи ҳарбийларнинг қамоққа олиниши турк-америка ҳарбий ҳамкорлигига путур етказишини айтганди.

16 июлга ўтар кечаси бир гуруҳ исёнчилар Туркияда давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишди. Истанбул ва Анқарада кўчаларга ҳарбий техника ва аскарлар олиб чиқилди. Бироқ 16 июл эрталаб ҳукумат назорат тўлиқ қўлга олинганини билдирди.

Ўшандан буён ўтган вақтда Туркияда тўнтаришга алоқадорлик билан 60 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинди ёки вазифасидан бўшатилди.

Улар орасида 9000 полициячи, 6000 ҳарбий, 3000 ҳакам ва олий ўқув юртлари ўқитувчилари бор.

Туркия ҳукумати 2000 дан ортиқ ташкилотни ёпишга қарор қилган.

Расмийларга кўра, 1000 дан ортиқ хусусий мактаб, 1200 дан зиёд жамғарма ва хайрия ташкилоти, 19 та касаба уюшмаси, 15 университет ва 35 тиббиёт муассасаси АҚШда истиқомат қиладиган исломий даъватчи Фатҳуллоҳ Гуленга боғлиқдир.

Фатҳуллоҳ Гулен давлат тўнтаришига уринишга ўзининг алоқаси борлигини рад этади.

Туркия ҳукумати АҚШдан Фатҳуллоҳ Гулен топширилишини истайди.

Озод этилганлар

Охирги хабарларга кўра, Истанбул маҳкамаси тўнтаришга алоқадорлик билан ушланган ҳарбийларнинг 758 тасини озод қилган. Улар орасида оддий аскарлар ҳам бор.

Маҳкама жами 989 ҳарбий ишини кўриб чиққан, 231 таси ҳибсда қолдирилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.