Россия ислоҳотларсиз пулсиз қолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Молия вазири ўзирбосари Татяна Нестеренконинг огоҳлантиришича, молиявий ислоҳотлар қилинмас экан, 2017 охирига бориб мамлакатда иш ҳақини тўлашга пул қолмаслиги мумкин.

"Агар ҳеч нима ўзгартирилмаса, кейинги йил охирига бориб заҳира ҳам, иш ҳақини тўлаш имкони ҳам қолмайди, бизда жиддий иқтисодий муаммолар юзага келади. Бюджет соҳаси бизнинг аоссий хавотиримиздир", деб айтган Нестеренко.

Вазир ўринбосари фикрича, Россия иқтисодининг ҳозирги ҳолатини "бўрон маркази"га қиёслаш мумкин бўлади.

"Бўрон маркази- шундайки, ҳамма нарса сокиндек кўринади. Ҳамма нарса тинч ва самаралидек, лекин аслида биз аллақачон бу хатар марказида турибмиз", деб келтиради унинг сўзларини РИА Новости.

Июл бошида Рейтер агентлиги бюджет лойиҳаларига таълуқли маълумотларга асосланиб, 2017 йилда Россия Молия вазирлиги заҳира фондини тўлиқ сарфлашни режалаштираётганини хабар берганди. Шунингдек, манбаларига кўра, миллий фаровонлик фонди ҳисобидан 2017-2019 йилларда 1,78 триллион рублдан фойдаланишни кўзлаётганини айтганди.

Россия Украина шарқидаги воқеалар ва Қрим аннексияси ортидан Оврўпо ва Ғарб давлатларининг қатор жазо чораларига юз тутганди.

Мутахассисларга кўра, ўтган икки йил ичида иқтисодий жазо чоралари ва Сурия урушидаги иштироки Россияга миллиардлаб доллар зарар олиб келди.

Шу йил бошида Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Қримликлар билан учрашувида нафақа йўқлигидан норози бўлган пенсионер аёлга "кутиб туришни, иш ҳақига ҳам пул йўқлиги" ниайтгани ижтимоий тармоқларда кулгуга олинган бўлсада, қатор оммавий ахборот воситаларида Россия қаршисида қолган мушкул аҳвол мутахассисларнинг мунозараларига сабаб бўлганди.

Шу ҳафта бошида рублнинг қиймати тушган.

Россия собиқ молия вазири Алексей Кудрин олдинроқ рублнинг икки баробардан кўпроққа қадрсизланишини ҳукумат ва давлат учун "шармандалик" деб айтган.

"Очиғини айтаман: миллий валютанинг икки баробардан кўпроққа қулаши ҳукумат учун ҳам, мамлакат учун ҳам шармандалик" деган Кудрин июн ойида Санкт-Петербургдаги халқаро иқтисодий форумда қилган чиқишида.

Унинг фикрича, бу мамлакат бизнес учун барқарор шароит ярата олмаслигини англатади.

Собиқ вазирнинг сўзларига кўра, Россия бу каби миллий валюта қулашининг олдини олишга имкон берадиган шароитни яратиши лозим.

"Ички бозорда нефт даромадларига қарамликни кучайтирмаслик керак", деб айтган Кудрин.

2014 йил декабрида бир йил мобайнида пасайиб келган рублнинг қадрсизланиши тезлашган, доллар 67 рублга кўтарилган эди.

Ўша йилнинг январида долларнинг расмий курси 32,6 рубл бўлган.

2015 йилнинг биринчи ярмида рубл бироз мустаҳкамланган, аммо унинг ортидан валюта қадрсизланишининг янги тўлқини кузатилган ва доллар 83 рублга чиқққан.

Айни пайтда Президент Путин жаҳон иқтидиётида тузилмавий муаммоларнинг давом этаётганини айтган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.