Экстремал Эйкинс парашютсиз 7000 метрдан сакради

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Америкалик экстремал спортчи Люк Эйкинс 7620 метрдан парашютсиз сакраган биринчи инсон бўлди. Икки дақиқа давом этган парвоз муваффақиятли якунланиб, ерга қўнди.

42 ёшли спортчи ушбу амалга икки йил тайёргарлик кўрди. Хавфли ва ҳаяжонли парвоз Fox News телеканали орқали жонли кўрсатилган.

Икки дақиқа давом этган парвозда Эйкинс тезлиги 193 км. соатга етган.

У Калифорниянинг Сими водийсида учоқдан ҳажми 30-30 метрга тенг тўрга сакраган.

Синов пайтида оғирлиги 91 кг келадиган манекенлар учоқдан ташланганда, қўғирчоқлардан бири тўрни тешиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Люк Эйкинс парвозга икки йил тайёргарлик кўрган.

Киноактёрлар Гильдияси каскадёрдан парашют кийишни талаб қилган, бироқ у кўнмаган. Елкаси оша ўтказилган рюкзак унинг оғирлигини кескин ошириши мумкин эди.

Парвозга рухсатни Эйкинс охирги дақиқада олди.

"Мен учардим. Бу ақл бовар қилмас. Мен нимани ҳис қилганимни тасвирлаб бера олмайман. Бу жуда ажойиб! "- деб айтган Эйкинс ерга қўнганида.

У билан бирга яна уч парашютчи сакрашди. Улардан бири Эйкинсни видеога олди, иккинчиси Ердан кўриниб турган тутун шарни ушлаб турди, учинчиси кислород идишини кўтариб учди.

Кейин уларнинг учаласи ҳам парашютларини очишди ва ерга тезлик билан учаётган Эйкинсдан ажралишди.

Эйкинс - парашютчиларнинг учинчи авлоди ҳисобланади. У ўз ҳаётида парашют билан 18 мингдан ортиқ парвозларни амалга оширган.

У ҳам профессионал, ҳам ҳаваскор парашютчиларни тайёрлайди. Шунингдек, киноларда каскадёрлик қилади.

Эйкинснинг расмий вакилига кўра, бу парвоз Эйкинснинг 26 йиллик карьерасининг чўққисидир.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.