Трамп: Обама даври фожеа бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Республикачи партиядан АҚШ Президентлигига номзод Дональд Трамп жорий президент Барак Обаманинг "Трамп президентликка лойиқ эмас", деган танқидий сўзларига жавобан уни сусткашликда айблаб, бошқарувидаги йилларни эса фожеа деб атади.

"Украинага қаранг. У Украинадаги вазият ҳақида гапиради. У Россияга нисбатан муросасиз. Айни вақтда улар Қримни олишди", дейди Трамп Fox Newsга берган интерьюсида.

Трамп шунингдек, АҚШнинг Яқин Шарқдаги сиёсатини танқид қилиб, Обамани журъатсизликда айблади.

"У ўзини суст кўрсатди, қатъиятли бўлмади", деяр экан, Обамани АҚШ тарихидаги энг ёмон президент деб атади.

Сал аввалроқ Пенсилваниядаги чиқишида эса у ўз рақиби, демократ Ҳиллари Клинтонни "иблис" деб атаганди.

Трамп Берни Сандерснинг Ҳиллари Клинтонни дастаклашига нисбатан ишлатганди бу ҳақоратни .

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Президент Барак Обамага кўра, республикачилар номзоди Доналд Трамп президент бўлишга нолойиқдир.

Сешанба куни Обама Трампни президент бўлиш учун халқаро муносабатлар соҳасида етарли билимга эга эмаслигини айтиб, кескин танқид қилди.

"Унда кўринишича, Оврўпо, Яқин Шарқ ва Осиёга нисбатан муҳим масалаларда керакли билимлар йўқ. Бу эса унинг бу вазифага тайёр эмаслигини қайта ва қайта исботламоқда", деди Обама Оқ Уйда Сингапур Бош вазири Ли Сянлун билан музокаралардан сўнг ўтган матбуот анжуманида.

Обама шунингдек, ҳозирга қадар нима учун Республикачи партия унинг номзодини қўллаб-қувватлаётганига тушунмаслигини айтган.

"Шундай вақт келадики, сиз "етар" дейишингиз керак", деган у.

Ўзиники ичида бегона

Афтидан, нафақат АҚШ Президенти ва демократлар, ҳатто Республикачи партия аъзолари ҳам сафдошлари Трамп ва унинг мурожаатларидан норозилар.

Республикачилар йирик ҳомийларидан Мег Уитман демократлар номзоди Ҳиллари Клинтонни қувватлаб чиқди. Уитман фикрига кўра, Трампнинг демагогияси АҚШнинг миллий ғояларини барбод қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Трампнинг Ироқда ҳалок бўлган мусулмон оила шаънига айтган сўзлари қораланди.

"Трампга фақат Республикачи партияга мойиллик учун овоз бериш ўзининг манфаатлари учун норозилик, ксенофобия ва ирқчиликдан фойдаланадиган номзодни дастаклаш деганидир. Мамлакатни бошқаришни Трамп қўлига топшириш бизнинг тараққиётимиз ва миллий хавфсизлигимизни таҳдид остига қўяди. Унинг авторитар характери яна ҳам кўпроқ нарсани хавф остида қолдиради", деб ёзади Уитман Фейсбукда.

Олдинроқ нью-йорк конгрессчиси Ричард Хан Хиллари Клинтонга овоз беришини билдирган илк республикачи бўлган эди.

Бундан ташқари, ўтган ҳафта кўпчилик, жумладан Президент Барак Обама ва президентликка собиқ номзод сенатор республикачи Жон Маккейн Трампнинг Ироқда ҳалок бўлган мусулмон аскар Ҳумоюн Хан оиласи шаънига айтган сўзларини танқид қилган эдилар.

Демократлар ва республикачилар қарийб бир овоздан Трамнинг америкалик мусулмон аскар ота-онасини таҳқирлагани учун кескин танқид қилишди.

Мусулмон аскарнинг ота-онаси Би-би-си билан суҳбатда Трампга қарши туришнинг вақти келганини айтган.

Трамп демократлар йиғинида марҳум аскарнинг онаси Ғазала Хон ўз эри билан ёнма-ён тургани, аммо сўзламаганига ишора қилиб, "уни эрининг қаршисида сўзлашга қўйишмаган" деб айтган ва бу ҳолатни мусулмонлик ақидаларига йўйган эди.

Миллиардер Трампни мусулмон ташкилотлар вакиллари ҳам қоралаганлар.

Доналд Трамп Калифорниядаги қонли отишма ортидан АҚШга мусулмонларни киритмасликка чақирганди.

Трампнинг сайловолди йиғилишидан ўз норозилигини изҳор этишни истаган мусулмон аёл чиқариб юборилган.

Сайловларга бир неча ой қолар экан, миллиардер номзоднинг баҳсли мурожаатларидан норози америкаликлар сони тобора кўпаймоқда.

АҚШда президентлик сайловлари шу йил ноябр ойида бўлиб ўтади.

Трампнинг асосий рақиби собиқ бош котиб Ҳиллари Клинтон ҳисобланади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.