Ҳалабда қақшатқич жанглар бўлмоқда

Ҳалаб шаҳри Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳалаб шаҳрида қақшатқич жанглар давом этмоқда

Суриянинг Ҳалаб шаҳри жанубий мавзеларида ҳукумат қўшинлари ва исёнчи гуруҳлар ўртасида қақшатқич жанглар давом этмоқда.

Фаолларга кўра, Россия ҳаво зарбалари ёрдамида ҳукумат кучлари исёнчилардан баъзи ҳудудларни тортиб олишга муваффақ бўлишди.

Ўтган дам олиш кунларида исёнчи гуруҳлар ҳукумат қўшинларига қарши йирик ҳужумларни бошлагандилар.

Ҳужумларга яқинда ал-Қоида билан ўз алоқаларини узган Фотиҳ ал-Шам фронт гуруҳи бошчилик қилмоқда. Мазкур гуруҳ собиқан ўзини ал-Нусра фронти деб атарди.

Унинг мақсади ҳукумат ва исёнчилар ўртасида бўлиб олинган Ҳалабда ҳукумат қуршовида қолган мавқеларни озод қилишдир.

Ҳукумат ўраб олган мавзеларда 300 минг одам қолиб кетмоқда.

"Заҳарли моддалар"

Россия армияси билдиришича, Ҳалабдаги исёнчилар "заҳарли моддалар"ни қўллашган.

Сурия давлат матбуотига кўра, исёнчилар ҳукумат назорати остидаги ҳудудларга заҳарли газ солинган ракеталарни отишмоқда.

Россиянинг Интерфакс хабар агентлиги сешанба кунги ҳужумлар ортидан бир неча одам ҳалок бўлгани ва 20 нафари касалхонага ётқизилганини хабар қилди.

Захарли газ қўллангани борасидаги даъволар мустақил кузатувчилар томонидан тасдиқланганича йўқ.

Ҳалаб учун жанг Сурия ҳукумати учун стратегик жиҳатдан ўта муҳимдир. Бир вақтлар йирик тижорий марказ саналган Ҳалаб шаҳри беш йиллик урушлар оқибатида деярли буткул вайрон бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.