Медведевнинг истеъфоси учун петиция

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевнинг истеъфосини талаб қилган Change.org сайтидаги петиция қисқа муддатда 160 мингдан ортиқ имзо тўплаган.

Олдинроқ шу ҳафтада жаноб Медведев ўзларининг маошларидан норози бўлган ўқитувчиларга бошқа иш қидиришни маслаҳат бергани жамоатчиликнинг норозилигини уйғотганди.

"Агар кўпроқ пул топиш хоҳиши бўлса, тезроқ ва яхшироқ натижа берадиган кўплаб ажойиб жойлар бор. Бу ўша бизнес", деган эди бош вазир "Мантиқлар ҳудуди" февтивалида ўқитувчилар билан учрашув чоғида.

Президент Владимир Путин номига йўлланган петиция матнида таъкидланишича, вазирлар маҳкамасини "билимли, мамлакат фуқароси учун қайғурадиган инсон бошқариши лозим".

Петиция муаллифларидан бири Медведевни ўқитувчилар маошлари ҳақидаги сўзлари учун кечирим сўрашни талаб қилган.

Май ойи охирида Дмитрий Медведев Қрим аҳолиси билан жанжалли учрашув иштирокчисига айланганди. Суҳбат давомида маҳаллий аёл бош вазирдан қачон нафақалар индексациясини кутиш мумкин, деб сўрайди.

"Пул умуман йўқ. Пул топсак- индексация қиламиз. Сиз шу ерда сабр қилинг, ҳамма ишингизга омад, яхши кайфият ва соғлик тилайман", деб жавоб берганди Медведев.

Бош вазирнинг сўзлари ижтимоий тармоқларда кулгуга олинган бўлсада, қатор оммавий ахборот воситаларида Россия қаршисида қолган мушкул аҳвол мутахассисларнинг мунозараларига сабаб бўлганди.

Бироз аввал Россия Президенти матбуот сўзчиси Дмитрий Песков Кремл Медведев истеъфоси талаб қилинган петиция билан танишишга имкон бўлмаганини айтди.

Бош вазирнинг ўқитувчилар иш ҳақи тўғрисида айтганларига изоҳ берар экан, Песков баъзи минтақалар президентнинг ўқитувчилар маошларини ошириш тўғрисидаги фармонини бажаришда муаммолари борлигини қайд этган, бу соҳада ишлар кетаётганини қўшимча қилди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали
  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.