Сурия мухолифати Ҳалаб қамалини 'ёриб ўтган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Сурия мухолифати таъкидлашича, бир неча ойдан бери давом этаётган жанглар ортидан улар ҳукумат кучларининг Ҳалаб қамалини ёриб ўтганлар.

Бироқ Ассад армиясига яқин манбалар орқага чекинганларини рад қилиб, шу билан бирга исёнчиларни артиллерия базасидан суриб чиқаришга муваффақ бўлганларини айтмоқда.

Артиллерия базасини ишғол қилинганини мухолифат жума куни хабар берган. Ҳарбийлар ўз ўрнида ҳужумни енгиб, душманга катта зиён етгазилганини билдирганлар.

Сурия инсон ҳақлари кузатиш маркази фаолларига кўра, мухолифат гуруҳлари Ҳалаб шарқидаги бошқа исёнчиларга ҳам йўлак очишга эришганлар, бироқ уни хавфсиз деб бўлмайди.

Мухолифат кучлари сафида "Ал Қоида"га алоқадор исломий жангари гуруҳлар бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳукумат кучлари исёнчиларни артиллерия базасидан суриб чиқаришга муваффақ бўлганларини айтмоқда.

Сурия армияси Россия авиацияси кўмагида ҳаракат қилмоқда.

Ўтган ҳафта бошида Россия телеканаллари Москва ташаббуси билан очилган гуманитар йўлаклар орқали шаҳардан қочаётган ҳалабликларни кўрсатган эди.

Аммо мухолифатнинг айтишича, Дамашқ ва Москва оддий фуқароларни шаҳарни тарк этишга мажбур қилаяпти. У ердап қолган исёнчиларни таслим бўлишга мажбур қилмоқчи ёки шаҳарни куч билан олиш ниятида, дейди мухолифат.

Олдинроқ Президент Ассад яқин уч ой ичида таслим бўладиган исёнчилар авф этилишини билдирганди.

Баъзи келаётган хабарларга қараганда, исёнчилар ҳалабликларни шаҳардан чиқиб кетишларига йўл бермаяптилар. Ҳалабда айни пайтда 300 мингга яқин тинч фуқаролар қолган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Ҳалаб шаҳри Сурияда беш йилдан бери давом этаётган уруш оқибатида вайронага айланган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.