Эронлик ядровий олим "қатл этилган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шаҳрам Амирий Эронга қайтганида қаҳрамонлардек кутиб олинган эди.

Эронда 2011 йилда ҳибсга олинган ядро физик олим Шаҳрам Амирий қатл этилди, деб айтган унинг оиласи Би-би-сига.

Шаҳрам Амирийнинг онаси айтишича, ўғлининг жасади оиласига қайтарилганда унинг бўйнида осилганини кўрсатувчи арқон излари бўлган.

Шаҳрам Амирий она шаҳрида дафн этилган. Хабар қилинганидек, Амирий АҚШдан қайтгач, ҳибсга олиниб, махфий ерда сақланган. Хабарларда уни Марказий Жосуслик хизмати томонидан ўғирлаб кетилгани айтилганди.

Баъзи маълумотларга қараганда, Амирий Эрон ядровий дастури ҳақида чуқур билимга эга бўлган.

1977 йилда туғилган жаноб Амирий 2009 йилда Макка зиёратига борганидан сўнг бедарак йўқолган.

Бироз кейин у АҚШда пайдо бўлиб, ўзини ўғирлаб кетилганини ва "МЖХ га махфий маълумотларни беришга мажбур қилиниб, доимий руҳий босимлар остида сақланган"ини айтган.

Афтидан АҚШда олинган видео мурожаатда у "Мени қаердадир жойлашган уйда сақлашди ва укол қилишди", дейди.

Бошқа видеода эса у АҚШга қочиб борганини таъкидлайди.

Амирий йўқолганидан сўнг Эрон Саудия Арабистонини ядро физик олимни ўғирлаб, АҚШга берганликда айблаган. Америка ва Саудия ҳукумати эса Амирий ўзи Маккадан Эронга қайтмасликка қарор қилган бўлиши мумкинлигини таъкидлашган. Вашингтон ўз ўрнида Амирийнинг ўғирланишига алоқаси йўқлигини, у ҳақида ҳеч нарса маълум бўлмаганини билдирган.

2010 йилда Амирий Теҳронга қайтади, ватанида у қаҳрамонлардек қаршилангани видеоларга муҳрланган.

Америка расмийларининг ўша пайтда Би-би-сига айтишларича, жаноб Амирий ўз хоҳиши билан қочиб келган ва Марказий Жосуслик хизматига "муҳим маълумот"ни берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Амирийнинг ўзи АҚШдалигида қарама- қарши маълумотлар берган.

Теҳронга қайтгач, у расмийлар ва аҳоли томонидан қучоқ очиб кутиб олинган бўлсада, АҚШнинг баёнотидан сўнг бир йил ўтиб ҳибсга олинади. Оиласига кўра, Амирийнинг ҳаёти тўғрисида уларда доимо хавотир бўлган.

Эрон ўн йиллардан ортиқ вақт давомида ядровий қурол ишлаб чиқаришда гумон қилинди. Эрон эса бу айбловларни рад қилиб, тинч мақсадларда энергия олмоқчи эканини уқтириб келди.

Январ ойида Теҳрон Ғарб давлатлари билан иқтисодий санкцияларни бекор қилиш эвазига ядровий дастурни тўхтатишга келишди.

Эрон қонунларига биноан, ватанга хиёнат қилгaни учун ўлим жазоси қўлланилади.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.