25000 Афғон Ҳаж зиёратига йўл олган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Таиланддан илк зиёратчилар 4 августда йўлга чиққанлар

8 август куни афғонистонлик бўлажак ҳожиларнинг илк гуруҳи Саудия Арабистонига йўл олган.

Кобул аэропортида 600 зиёратчи йиғилган.

Аэропортда зиёратчилар уч юқумли хасталикка қарши эмланганлар.

Афғонистон Ҳаж ва Дин ишлари бўйича вазирлигининг эълон қилишича, бу йил 25 минг Афғон Ҳаж зиёратига боради.

Афғонистонлик ҳар бир зиёратчи 2300 АҚШ долларига тенг маблағ тўлаган.

Ҳаж ва Дин ишлари бўйича вазирлигига кўра, Афғон зиёратчилари яшашлари учун Саудия Арабистонида бинолар ижарага олинган, зиёратчиларга уч маҳал бепул овқат ташкил қилинади.

Дунё мусулмонлари учун энг муқаддас жой бўлган Маккаи-Мукаррамадаги Масжидул-Ҳарамда қайта қуриш ишлари давом этмоқда.

Шу муносабат билан Саудия расмийлари жаҳон мамлакатлари раҳбарларига мурожаат қилиб, Масжидул-Ҳарамдаги қурилиш ишлари якунлангунча, Ҳаж зиёратига келадиган мусулмонларнинг сонини камайтириб туришни сўраган.

4 август куни дунёнинг бошқа мамлакатларидан ҳам зиёратчиларнинг илк гуруҳлари Саудия Арабистонига етиб борганлар.

Шу куни Ҳиндистон ва Таиланддан илк зиёратчилар учоқларга чиққанлар.

Ҳиндистон Ҳаж қўмитаси бу йил 100 мингдан ортиқ зиёратчи сафарини ташкиллаштиришни режалагани ҳақида хабар тарқатган.

Бундан ташқари, хусусий сайёҳлик ширкатлари орқали ҳам 36 минг ҳиндистонлик мусулмон Ҳаж зиёратини адо этишни режалагани маълум бўлган.

Саудия расмийлари Ҳаж зиёратидан олдин 600000 дан ортиқ мусулмон Мадинаи-Мунавварадаги Муҳаммад Пайғамбар(С.А.В) дафн этилган масжид - ал-Масжид ал-Набавийга зиёратга келиши кутилаётгани ҳақида айтганлар.

Шу боис ҳаво қўналғаларида зиёратчилар билан ишлаш бурчакларини кўпайтиришга киришилган.

Бу йил Саудия расмийлари ҳар бир зиёратчига электрон билагузук беришга қарор қилган.

Бу билагузукда инсоннинг шахсий, тиббий маълумотлари жойлаштирилган ҳамда эгасига зарур намоз вақти, муқаддас зиёратгоҳлар ҳақидаги маълумотларни олиш имкониятини беради.

Шунингдек, Ер сунъий йўлдошига уланган навигацияси билан бу билагузук Саудия расмийларига зиёратчиларнинг ҳаракатланиши ҳақида маълумотга эга бўлиш имкониятини беради.

Ўтган йилги издиҳом Минода 769 зиёратчи ўлимига олиб келган эди.

Бу йилги Ҳаж ибодатлари 9 сентябрдан 13 сентябргача давом этиши, Қурбон Ҳайитининг эса 11 сентябрга тўғри келиши кутилмоқда.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.