Енг, ичинг, лекин исроф қилманг!

Озиқ овқат маҳсулоти Фото муаллифлик ҳуқуқи FAO

Италия парламенти мамлакатда исроф этилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини камайтириш йўлида янги қонунни тасдиқлади.

Янги қонун сақлаш муддати яқинлашиб қолган ва шунга ўхшаш маҳсулотларни муҳтожларга хайрия қилиб бериш йўлидаги баъзи чекловларни олиб ташлаган.

Маҳсулотларнинг исрофгарчилиги муаммоси фақатгина Италияда мавжуд эмас.

БМТнинг Озиқ-овқат ва Агросаноат ташкилотига кўра, баъзи Оврўпо давлатларида етиштирилган маҳсулотнинг 40 фоизга қадари чиқиндига чиқарилади.

Бунча маҳсулот билан эса 200 миллионга яқин инсонни боқиш мумкин экан.

Бир мунча муддат аввал Италия олий маҳкамаси оч қолгани туфайли кичик миқдорда озиқ-овқат ўғирлашни жиноят сифатида кўрмаслик ҳақида қарор ҳам чиқарганди.

БМТнинг Озиқ- овқат ва Агросаноат ташкилотидан Камелия Букатарионинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатида айтишича, маҳсулотлар исрофгарчилиги муаммоси жаҳон бўйлаб кенг тарқалган ва фақатгина ривожланган мамлакатларга хос бўлган "нуқс" эмас.

Камелия Букатарио: 2011 йили Озиқ-овқат ва Агросаноат жамғармаси илк бор бу борада ҳисобот чиқариб, инсон танаввули учун ишлаб чиқариладиган озиқ-овқатнинг жаҳон бўйлаб учдан бир қисми исроф қилиниши ҳақида айтган эди. Ўшандан бери Оврўпо Иттифоқи, ҳукуматлар ва яна қатор ташкилотлар бу муаммони кенгроқ ўрганиб, ўз маълумотларини тақдим эта бошладилар. Охирги маълумотларга кўра, масалан Оврўпо Иттифоқи давлатларида йилига инсон танаввул қилиши мумкин бўлган 88 миллион тонна озиқ- овқат чиқиндига чиқарилмоқда. Яъни, маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда, импорт қилинмоқда, экспортга юборилмоқда, ер, сув ва бошқа захиралар бу йўлда харжланмоқда, лекин бу маҳсулотларнинг учдан бир қисми одамларнинг дастурхонига етиб бормаяпти, ёки етиб борганидан кейин барибир чиқиндига кетмоқда. Шунинг учун ҳукуматлар бизнинг ташкилотимиз билан бирга бунга қарши чораларни кўриб чиқмоқдалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FAO

Би-би-си: Етиштирилган маҳсулотнинг учдан бири чиқиндига чиқиши бу жуда ҳайратга соладиган ҳолат. Дейлик, бир оила ҳафтасига 100 долларлик озиқ-овқат сотиб олса-ю, бунинг 33 долларга тенги чиқиндига ташланса. Қандай қилиб? Бунга сабаб нима?

Камелия Букатарио: Агарда истеъмолчи нуқтаи назаридан қарасак, бунга бир қатор сабаб бор. Бу ҳолат ҳар қандай хўжаликда, хоҳ катта бўлсин, хоҳ кичик оилада рўй бериши мумкин. Масалан, истеъмолчи вақт камлиги туфайли ўзи эҳтиёжини чамалаб, қанча маҳсулот сотиб олиши кераклигини режалашга улгурмаслиги туфайли юз бериши мумкин. Яъни, керагидан кўп маҳсулот сотиб олингани учун. Ортиқча маҳсулот эса музлатгичда қолиб кетиб, охир-оқибат чиқиндига ташланади. Бошқа томондан, баъзилар олган маҳсулотларини режалаб ишлатиш ёки ортиб қолган нарсаларни қайта ишлатиш йўлларидан бехабарлар. Шунинг учун истеъмолчилар ўз эҳтиёжларини диққатлироқ ўрганиб, режалаш йўлларини ўргансалар мақсадга мувофиқ бўларди.

Би-би-си: Бошқа томондан сақлаш муддати ўтган озиқ-овқатларнинг супермаркетлар томонидан чиқиндига ташланиши ҳам кенг миқёс олган, шундайми? Кўпда дўконлар озиқ-овақт хавфсизлиги соҳасидаги чекловлар туфайли уларни муҳтожларга ҳам бермайдилар...

Камелия Букатарио: Албатта исрофгарчилик ҳақида гапирганимизда биз маҳсулотни ишлаб чиқаришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва харидга чиқариш жараёнлари ва босқичларини ҳам назарда тутишимиз керак. Мен бу жараённинг фақатгина бир қисми ёки босқичига эътиборни жамламаган бўлардим. Ҳар бир қадамда инсон истеъмол қилиши мумкин бўлган маҳсулотни аниқлаб, унинг исрофга чиқмаслиги йўллари кўриб чиқилиши керак. Супермаркетларга келсак, уларга ортиб қолган маҳсулотни муҳтожларга беришни тақиқлайдиган қонунлар йўқ. Шунинг учун ишлаб чиқарувчи ҳам, қайта ишловчи ҳам, сотувчи ҳам - ҳаммалари исроф бўлиш эҳтимоли бўлган маҳсулотни аниқлаб, бунинг олдини олиш йўлларини кўриб чиқиши керак. Агар шундай қилсалар, хавфсиз йўлда бу маҳсулотни инсонларга етказиш йўлини топиш мумкин. Айтиб ўтганимдек, буни тақиқловчи қонунлар йўқ. Албатта, ҳар қандай маҳсулотни инсонларга етказишда сотувчилар инсон соғлигига зарар етказмаслиги йўлида эҳтиёт чораларини кўрадилар. Баъзида эса бу соҳадаги қонун-қоидалар нотўғри йўлда талқин этилиб, ҳаддан ташқари эҳтиёткорликка йўл қўйилади. Лекин биз биламизки, маҳсулотни исроф қилмаслик йўллари бор ва хоҳиш бўлган вақтда озиқ-овқатларни инсонларга етказиш мумкин ва шундай амаллар қилинаётгани мисоллари ҳам бор.

Фото муаллифлик ҳуқуқи FAO

Би-би-си: Лекин исрофгарчилик борасида бой давлатлар билан ривожланаётган мамлакатлар орасида фарқ бўлса керак. Аҳолиси очарчиликка юз тутаётган ёки зўр-базўр кун кечираётган давлатларда бу каби исрофгарчиликка йўл қўйилмаса керак?

Камелия Букатарио: Албатта, ҳар бир минтақанинг маҳсулот исрофгарчилиги соҳасида ўзига яраша муаммолари бор. Маҳсулотнинг чиқиндига чиқиши ҳар ерда, ҳатто очликка кўпда юз тутадиган Африка мамлакатларида ёки Лотин Америкасида ҳам юз беради. Дейлик, Африкада исрофгарчилик катта шаҳарларда, асосан сотиш жараёнида кўпроқ юз беради. Қишлоқ ерларида эса маҳсулотни етиштириш ва уни қайта ишлаш босқичида рўй беради. Яъни, керакли инфраструктуранинг йўқлиги, сақлаш шароитлари, қайта ишлаш ва қадоқлаш каби шарт-шароит етарли равишда ривожланмагани туфайли. Айтмоқчиманки, исрофгарчилик турли минтақаларда турли сабаблар туфайли юз бермоқда. Лекин статистик маълумотлар йирик ривожланган шаҳарларда исрофгарчилик ўсиб бораётганини кўрсатмоқда. Шунинг учун бу муамоларни синчковлик билан ўрганиб, ривожланиб келаётган мамлакатларда ҳам бу муаммо кенг миқёсда рўй беришининг олдини олиш чораларини кўришимиз керак.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқалибоғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.