Путин: қўзғолон пайти Эрдўғонни биринчи бўлиб дастакладим

Президент Путин ва Президент Эрдўғоннинг учрашуви Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия Президенти Владимир Путин айтишича, 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш пайти Президент Ражаб Тойиб Эрдўғонни қўллаб-қувватлаб қўнғироқ қилган биринчи раҳбарлардан бири бўлган.

Бу ҳақда Президент Путин Санкт-Петербургда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон билан учрашув пайти айтган.

Президент Эрдўғон Россия президентининг телефон қўнғироғидан хурсанд бўлганини айтган.

"Ҳақиқатан ҳам, давлат тўнтаришига уринишдан кейин дарҳол қилган қўнғироғингиз шахсан мени, менинг ҳамкасбларимни ва бизнинг халқимизни жуда суюнтирди", деб айтган Ражаб Тойиб Эрдўғон.

"Туркиядаги мураккаб ички сиёсий вазиятга қарамасдан сизнинг қилган ташрифингиз шундан далолатки, биз ҳаммамиз мулоқотни қайта тиклашни, Туркия ва Россия халқлари манфаатлари йўлида муносабатларни қайта йўлга қўйишни хоҳлаяпмиз", деб айтган Президент Путин.

Президент Путин Туркия раҳбарининг ташрифи алоқаларни қайта йўлга қўйиш учун яхши имконият эканини таъкидлаган.

Бу Туркиядаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин Президент Эрдўғоннинг илк хорижий сафари бўлган.

Кўпчилик Президент Эрдўғоннинг Россияга сафари олдидан ТАСС ахборот агентлиги билан суҳбатда ишлатган иборасига эътибор қаратган.

Президент Эрдўғон "дўстим Владимир" деб айтган.

"Бу тарихий ташриф, янги бошланиш бўлади. Менинг ишончим комил, дўстим Владимир билан музокараларда бизнинг икки томонлама муносабатларимизда янги саҳифа очилади. Бизнинг мамлакатларимизнинг биргаликда қиладиган ишлари кўп", деб айтган Туркия раҳбари.

Россия тарафи таърифларда ўзини тийиб тургани кузатилган, фақат Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков, учрашувлар муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб айтган.

Шундан келиб чиқиб Туркия Россия билан алоқаларини аввалги ҳолатига қайтаришни истамоқда, демоқдалар экспертлар.

Президент Эрдўғон учун Россия билан муносабатларини яхшилаш Туркиянинг АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи билан алоқалари совиши манзарасида муҳим деб кўрилаяпти.

Россиянинг Туркия маҳсулотларини тақиқлаши, россиялик сайёҳларнинг Туркияга боришларини тўхтатгани ва Россиядаги қурилишларда банд бўлган Туркия ширкатлари фаолиятини тўхтатганидан Анқара иқтисодий жиҳатдан анча зиён кўрди, Анталия соҳилларидаги оромгоҳлар бўшаб қолди.

Таҳлилчилар, ушбу жазо чоралари билан Россия Туркияни алоқаларни яхшилашга мажбурлашни кўзлаган эди ва ниҳоят ўз ниятига етди, демоқдалар.

Жаноб Эрдўғоннинг дастлабки сафаридан кучли ўзгариш кутилмаётган эса-да, муносабатларни эски ҳолига қайтариш йўлида аҳамиятли бўлиши айтилмоқда.

Бу музокараларда асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилади, деб кутилмоқда.

Экспертлар Россия учун Туркиядек йирик давлат аҳамиятини урғулайдилар.

Томонлар мавқеълари бир-биридан фарқ қиладиган нуқталардан бири Сурия масаласи бўлиб қолмоқда.

Россия Президент Башар ал-Ассад қўшинларини ҳаво зарбалари билан дастаклаб аксилассад исёнчилар қўлидан анча ҳудудлари тортиб олинишига ёрдам берди.

Туркия ҳамон Президент Ассад ҳокимиятдан кетиши керак, деган мавқеда турибди.

Курдлар масаласида ҳам Туркия ва Россия мавқеълари бир-бирига қарама-қаршидир.

Туркия Курд қуролли гуруҳларини террорчи ташкилотлар деб билади.

Россия эса Курд исёнчиларига ИШИДга қарши курашдаги самарали восита деб қарайди.

Туркия матбуотида бир неча йил олдин Россия бошлаган Туркия ҳудуди орқали Россия газини олиб ўтиш имкониятини берадиган "Жанубий оқим" газ қувури масаласи муҳокама этилиши ҳақидаги хабарлар пайдо бўлган.

Икки мамлакат муносабатлари ёмонлашишига 2015 йил ноябрида Туркия-Сурия чегарасида Россия қирувчи учоғининг уриб туширилиши сабаб бўлган эди.

Туркия огоҳлантиришларга қарамасдан, Россия учоғи Сурия ҳудудидан Туркия ҳудудига киргани ва шу сабаб уриб туширилганини айтган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса ўз учоғи Туркия ҳудудига кирганини рад этган.

Президент Путин буни "орқага урилган пичоқ" деб таърифлади ва Россия Туркияга қарши жазо чораларига қўл урди.

Бундан бир ой олдин Президент Эрдўғон Президент Путинга мактуб юборди ва ўз мактубида ҳалок бўлган россиялик ҳарбий учувчи оиласига таъзия изҳор этди.

Бу Туркиянинг Россия билан муносабатларини қайта тиклаш томон илк қадами, дея баҳоланди.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг