'Толибон ушлаган тикучар экипажи қўйворилган'

Россиянинг Интерфакс агентлиги ўз дипломатик манбаларига таяниб, Афғонистоннинг Лоғар вилоятида Толибон ушлаган Ми-17 тикучар экипажи 11 августда озод қилингани тўғрисида хабар тарқатган.

Бироқ Россия Ташқи Ишлар вазирлиги экипажни озод қилиш музокаралари ҳали ҳам давом этаётганини айтган.

Тикучар Покистондан Ўзбекистонга техник созлов учун учаётгани, Афғонистонга носозлик боис фавқулодда қўнган чоғда толиблар томонидан ушланган эди.

Интерфаксга кўра, тикучарда бўлган барча- беш покистонлик ва бир россиялик ҳарбий қўйворилган.

Манбанинг билдиришича, экипаж аъзоларини озод қилиш музокаралари давом этган бўлсада, уларнинг тезда озодликка чиқарилгани кутилмаган бўлган.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Нафис Закариё транспорт тикучари Покистоннинг Панжоб вилояти ҳокимлигига тегишли бўлганини тасдиқлаганди.

4 августда Покистон ва "Вертолеты России" ширкати ўртасида тузилган шартномага биноан тикучар Ўзбекистонга йўналган.

Бироқ бортдаги техник носозлик экипажни Афғонистонга шошилинч қўнишга мажбур қилган.

Тикучар қўнган жой толиблар назоратида бўлгани боис, жангарилар у ерга дарҳол етиб борганлар.

Толибон олти покистонлик ҳарбий ва бир россиялик учувчини асирга олиб кетган.

Олдинроқ ҳарбийлар эвазига товон пул талаб қилиниши ёки Покистон қамоғида ётган жангариларни озод қилиш талаби қўйилиши тахмин қилинганди.

Россия ва Покистон ҳарбийлари нималар эвазига озодликка чиққанлари ошкор этилмаган. Шу билан бирга бу борада расман хабар ҳам берилганича йўқ.

Тикучар қўнган Лоғар вилоятининг ушбу ҳудудлари анча вақтдан буён Толибон назорати остида.

Россиялик дипломатик манба асирга олганлар қайси қуролли гуруҳга алоқадорлиги музокараларнинг қандай ҳал бўлишига таъсир қилишини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали

  • боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.