Туркия: машҳур футболчи Ҳоқон Шукурга ҳибс қарори

Фото муаллифлик ҳуқуқи DHA
Image caption Ҳоқон Шукур Гулен ташкилотига аъзоликда айбланмоқда

Туркия маҳкамаси узоқ йиллар "Галатасарой" клубида тўп сурган машҳур футболчи Ҳоқон Шукурни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарган.

Анадолу агентлигининг хабар қилишича, ҳибсга олиш қарори 15 июлда юз берган давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ.

Ҳоқон Шукур мухолифатдаги уламо Фатҳуллоҳ Гуленга алоқадор террорчи гуруҳнинг аъзоси сифатида айбланмоқда.

Туркия расмийлари Гуленни давлат тўнтаришига уринишнинг асосий ташкилотчиси сифатида кўришади.

Турк матбуотига кўра, Шукур ва унинг оила-аъзолари Туркияни ўтган йили тарк этишган.

44 ёшли футболчи 2008 йилда ўз каръерасини тамомлаган.

Ишқибозлар уни "Босфор буқаси" ва "қирол" деб аташган.

Футболдан кетгач, Ҳоқон Шукур сиёсат билан шуғулланган ва 2011 йилда иқтидордаги Адолат ва Тикланиш - АКП партиясидан парламентга депутат этиб сайланган.

Бироқ 2013 йилда партиядан чиқиб, мустақил депутатга айланган.

У Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорларининг таъқиб қилинишига қарши чиққан.

Шу йил бошида Ҳоқон Шукур Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Твиттер орқали ҳақорат қилишда айбланган эди.

Бунинг ортидан у АҚШга кўчиб бориб, инглиз тилини ўрганмоқчи ва футбол билан боғлиқ лойиҳаларда иштирок этиш ниятида эканини маълум қилган.

Амалга ошмаган давлат тўнтариши ортидан турк ҳукумати ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, ўқитувчилар, жамоат арбоблари ва журналистларга қарши оммавий ҳибсга олишларни амалга оширган.

Шу ой бошида Туркия Фатҳуллоҳ Гуленнинг ўзини ҳибсга олишга буйруқ берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook - BBC UZBEK

Google+BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - uzbekbbclondon

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.