Путин маъмуриятига янги раҳбар тайинлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

Россия Президенти Владимир Путин жума куни ўзининг маъмурияти бошлиғи Сергей Ивановни истеъфога чиқариб, унинг ўрнига оммага яхши таниш бўлмаган Антон Вайнони тайинлади.

Охирги тўрт йилда у Ивановнинг ўринбосари бўлган, бунгача эса Путин ёнида ишлаган: дастлаб Кремлда, кейин, 2008 йилда хўжайиннинг "алмашуви" орқасидан ҳукуматда, сўнгра яна Кремлда.

Антон Вайнонинг расмий таржимаи ҳоли топ-тоза, амалдор учун идеал кўринишда: тўғри карьера чизиғида, ҳеч қандай ортиқча, норасмий жойи йўқ, "туғилган-тугатган-эркин гаплашади-уйланган-фарзандлари бор".

Бироқ қавслар ташқарисида оиласининг эстон илдизлари, афсонавий бобо ва кенг қиррали, хос бўлмаган илмий қизиқишлар, жумладан "ноосферани нусхаловчи" асбоби ва бошқалар ҳақида Би-би-си ўрганиб кўрди.

Бобо

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA NOVOSTI

2001 йилда Кремл амалдорининг бобоси Карло Вайнонинг Москва чеккасидаги ҳашамлардан холи дала ҳовлисига эстон журналистлари ташриф буюришади. Уларнинг қизиқишини осонгина изоҳлаш мумкин: ўн йил, 1978-1988 йиллар Карло Вайно МҚнинг Эстония Коммунистик партиясини бошқарган, бироқ кейин саҳнадан ғойиб бўлган.

Эстонияда Карлонинг мавқеи у қадар нуфузли бўлмаган, деб ҳикоя қилади Кристер Парис. Эстончани у яхши билмас, акцент ва хатолар билан гапирарди ва шунинг учун кўпчилик уни республикада руслаштириш сиёсатининг бир воситаси деб қабул қилганди.

1988 йилдаги норозилик ҳаракати пайти у марказдан куч қўллашни сўраган, деб келтирилади "Эстониянинг мустақиллиги" номли китобда.

Хуллас, Михаил Горбачёв таниқли бўлмаган Карло Вайнони дипломат Вайно Вилянсга алмаштирди, Карло Вайно эса Москвага Марказий Қўмита партия назорати идорасига ишга чақирилади, ундан кейин нафақага чиқади. 2001 йилда у 78 ёшда бўлган.

Иккинчи қаватда Eesti Paevaleht мухбирлари деворларга тўлиқ ярим яланғоч аёлларнинг плакатлари ёпиштирилганини кўришади. "Обойга пул йўқ эди, неварам бу суратларни юборган, у Японияда дипломат бўлиб ишлайди", деб тушунтиради Карло Вайно.

Набира

Антон Вайно 1972 йил Таллинда туғилган. "Оила Эстонияни тарк этганида у беш ёшга ҳам тўлмаган эди", деб ҳикоя қилади оиланинг номини айтмаган таниши Delfi порталига.

Унинг карьераси шаҳарлик бўлмаган киши учун жуда ҳам омадли, дейди аёл.

Лекин бу ерда Антон Вайнони Эстония пойтахтида туғилгани ва Россия пойтахтида улғайганини ҳисобга олсак қишлоқлик дейиш баҳсли. Аммо унинг профессионал мансаб пиллапояларидан чиқиши ҳақиқатдан муваффақиятли.

1996 йилда Россиядаги энг нуфузли олий ўқув юртларидан бири МГИМО (Халқаро муносабатлар факультети)ни тугаллади. Тўғрисини айтганда, МГИМОнинг ўша пайтдаги ҳамма битирувчилари ҳам уни эслаб қолишмаган, дейди унинг курсдоши Профессионалы.ру манбаси асосчиси Дмитрий Ситников Би-би-сига.

Стратегия ва технологияларни тадқиқ қилиш маркази раис ўринбосари Константин Макиенконинг хотираси бу борада яхшироқ. У Вайно ҳазилкаш, шу билан бирга гоҳида аяб ўтирмайдиганлар тоифасидан бўлганини айтади.

Макиенко жамоат ҳаётида қатнашмагани учун комсомол сафидан ҳайдамоқчи бўлганларида айнан Вайно унинг ёнини олган, бироқ 1991 йил 28 сентябрда комсомол ташкилоти расман тарқатиб юборилди.

МГИМОни тугатгач, япон тилини ўрганган Вайно Россиянинг Токиодаги элчихонасига ишга кетади. 2001 йилдан турли дипломатик лавозимларда ишлаган. 2003 йилдан эса президент маъмуриятига ўтади.

"Ростехнология", Таллин яқинидаги уй

"Вайно бошидан Путин командасининг чиқиб келаётган юлдузларидан бири эди", дейди сиёсатшунос Евгений Минченко. У ҳукумат аппаратида Путин билан ишлаган ва унинг кўтарилиши муҳокама қилинмаган, иш вазиятга боғлиқлиги аён.

"Антон Вайно - фуқаролик мулозими. Путин шахсий таниш ва содиқлик принципи бўйича одамларни юқорига кўтаришини намойиш қилмоқда", изоҳлайди сиёсатшунос Павел Салин.

Антон Вайно оммага етарлича танилмаган, лекин президент маъмурияти раҳбар ўринбосари учун бу муҳим эмас эди", дейди Янги давлатлар халқаро институти директори Алексей Мартинов.

Машҳур эмаслик Антон Вайнога хос белги, бу Кремлдаги амалдорлар учун оддий саналади.

Охирги йилларда чиққан янгилик орасида у Путиннинг фармони билан "Ростехнология" давлат ширкати кузатувчи таркибга киритилгани тилга олинган.

Ва яна Антон Вайнонинг Таллин ташқарисида бобосидан мерос қолган уйи борлиги ҳақида ёзилган.

Фан

Энг қизиқарлиси, Антон Вайнонинг илмий тадқиқотлари. Улар муаммонинг қўйилиши билан бирга ўзининг турфа хиллиги билан ҳам эътиборни тортади.

Коммерсант нашрига кўра, Антон Вайно президент маъмуриятининг ташқи сиёсат бўйича ўринбосари Антон Кобяков билан ҳамкорликда турли журналларда мақолалар чиқарган.

Антон Вайно нооскоп асбобини кашф қилган.

Нооскоп- бу инсониятнинг жамоа онгини ўрганишга имкон берадиган, ноосферада бўладиган ўзгаришларни рўйхатга оладиган биринчи асбоб, дейди муаллиф.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio