"Оврўпо Иттифоқи Туркияни таҳқирлаяпти"

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли Оврўпо Иттифоқини Туркияни камситаётганликда айблади.

Жаноб Чавушўғли Олмонияда нашр этиладиган Bild рўзномасига берган интервьюсида бундан роппа-роса 1 ой олдин юз берган давлат тўнтаришига уриниш оқибатида Туркия халқи жароҳатланди деб айтган.

"Туркия халқи жароҳатланган. Туркияга ёрдам бериш ўрнига Оврўпо мамлакатлари бизни таҳқирлаяпти", деб айтган Мавлуд Чавушўғли.

Ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, Туркия Оврўпо Иттифоқига аъзо бўлиш кириш учун талаб қилинадиган шартларга мос бўлиш учун улкан ишларни амалга оширган.

"Мен ўзимга-ўзим савол бераман: биз қанақа жиноят содир этдик? Бу қадар душманлик нимадан?", деб айтган жаноб Чавушўғли.

Туркия ташқи ишлар вазири айтишича, мамлакатининг фуқаролари учун визасиз тартибни Оврўпо Иттифоқи шу йил октябригача жорий этмоғи лозим.

Акс ҳолда Туркия ОИ билан муҳожирлар борасида имзолаган келишувидан воз кечади.

Яқин Шарқ, хусусан, Ироқ ва Суриядаги вазият боис кўп сондаги қочқинлар Туркияга, Туркиядан сўнг Оврўпо мамлакатларига йўл олдилар.

Муҳожирлар инқирози Оврўпо Иттифоқини Туркия билан шартнома имзолашга ундади.

Келишувга биноан шу йил мартидан Юнонистон оролларига етиб олган муҳожирлар Туркияга юборилади.

Бунинг эвазига Оврўпо Иттифоқи Туркияга молиявий ёрдам кўрсатиш ва Туркия фуқаролари учун ОИ мамлакатларига визасиз сафар қилиш рухсатини бериш ваъда қилинган.

Туркия билан Оврўпо Иттифоқи муносабатлари шу йил 15 июлидан 16 июлига ўтар кечасидаги давлат тўнтаришига уринишдан кейин совуқлашди.

Туркия расмийларига кўра, АҚШда истиқомат қиладиган дин пешвоси Фатҳуллоҳ Гулен давлат тўнтаришига уриниш ортида турган.

Фатҳуллоҳ Гулен Туркия ҳукумати ўзига қарши илгари сураётган айбловларни рад этади.

Ўша тундаги ҳодисаларда 270 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Путч уриниши ортидан Туркияда 23000 киши ҳибсда, ўн минглаб кишилар ишларидан бўшатилганлар.

Оврўпо Иттифоқи Туркия ҳукуматининг путч уринишини бостириш амалларини қоралаб чиқди.

Оврўполик сиёсатчилар фикрича, Туркия жамиятидаги сўнгги амаллар виза тартибини бекор қилиш талабларига жавоб бермайди.

Икки ҳафта олдин Президент Эрдўғон Ғарбни давлат тўнтаришини дастаклаганликда айблаб чиқди.

"Афсуски, Ғарб террорчи ва фитначиларни қўллаб-қувватлайди. Дўст бўлиб келганлар исёнчилар ва террорчиларнинг ортида турибди", деб айтган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.