Гуантанамодан 15 маҳбус бошқа мамлакатга кўчирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ ҳукумати душанба куни Кубадаги Гуантанамо Бей қамоқхонасидаги бирданига 15 маҳбуснинг бошқа давлатга кўчирилгани ҳақида хабар тарқатган.

Ҳуқуқ фаолларига кўра, бу Президент Обаманинг иккинчи муддати ниҳоясига етгунига қадар Гуантанамони ёпиш ниятида қатъий эканини тасдиқлайди.

Ассошиэйтед пресс агентлиги билдиришича, 12 яманлик, уч афғонистонлик Бирлашган Араб Амирликларига юборилганлар.

Қўшма Штатлар Мудофаа вазирлигига биноан, Гуантанамо ҳибсхонасида жами 61 маҳбус қолган.

Гуантанамо турмаси кичик Буш даврида АҚШда содир этилган 11 сентябр ҳужумларидан кейин 2002 йил Афғонистондаги кампанияси бошланганда очилган. Ушбу қамоқхона, АҚШнинг айтишича, "душман жангчилари"ни сақлашга мўлжалланган эди.

Президент Барак Обама иккинчи муддат президентликка сайланиш олди Гуантанамо қамоқхонасини бутунлай ёпишга ваъда берганди.

"Бу самарасиз, бизнинг халқаро ўрнимизга путур етказади, аксилтеррор саъй-ҳаракатларида иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликларимизни камайтиради, эстремистлар одам ёллашлари учун қурол, у ёпилиши керак", деб айтган Барак Обама.

Обаманинг таъкидлашича, Ироқ уруши ниҳоя топиб, Афғонистондаги қамоқхоналар назорати афғон кучларига топшириларкан, Кубадаги иншоотга бошқа эҳтиёж қолмаган.

"Бу Президент Обама Оқ Уйни тарк этишдан олдин Гуантанамони ёпишда қатъий ҳаракат қилаётганини кўрсатади", дейди халқаро Amnesty Internationalнинг миллий хавфсизлик ва инсон ҳақлари бўйича Америка бўлими директори Норин Шоҳ.

Олдинроқ Президент Обаманинг қамоқхонани беркитишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлари Конгресс кўрсатаётган қаршилик туфайли секинлашгани айтилган. Бироқ Барак Обама айни масалада қонун чиқарувчилар билан муҳокамаларни қайта жонлантиришини билдирган.

Британиянинг "Гардиан" рўзномаси ёзишича, Обама ҳокимиятдалигида амалга оширилган энг йирик партия маҳбусларнинг бошқа давлатга берилишидир.

2014 йилда Гуантанамо Бей қамоқхонасида ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турилган беш нафар маҳбус Қозоғистонга ҳам юборилган эди.

2016 йил июлида Гуантанамо ҳибсхонасининг Сербияга жўнатилган икки маҳбуси орасида Тожикистон фуқароси Муҳаммади Давлатов ва яманлик Мансур Аҳмад Саад ал-Дайфи бўлган.

  • Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.