Туркия: Яна минглаб полициячи ишдан кетди

Туркия президенти Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркияда амалда бўлган фавқулодда ҳолат тартиби доирасида иккита янги фармон эълон қилинган: икки мингдан ортиқ полиция ходими ва мамлакат Қуролли кучларининг юзлаб аъзолари ўз вазифаларидан четлатилган.

Бу - ўтган ойги муваффақиятсиз давлат тўнтаришига уриниш амали ортидан кузатилаётган навбатдаги ишдан четлатишлар бўлади.

Бунгача ҳам ўн минглаб ҳарбийлар, полиция ходимлари, ҳакамлар, муаллимлар ва давлат хизматчилари ўз вазифаларидан озод этилишган.

Аммо бу икки янги фармонда кўзда тутилган чоралар фақат шуларгина билан чекланмаган.

Туркия раҳбарияти, бундан ташқари, мамлакат Алоқа вазирлигини ёпиш, оммавий-ахборот воситалари назоратига масъул Информацион технология ва коммуникация бошқармасининг икки юзга яқин ходимини ҳам ишдан бўшатишга қарор қилган.

Мазкур бошқарма эса, янги фармонга мувофиқ, вазирликка айлантирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон мамлакат Қуролли кучлари Бош қўмондонини шахсан ўзи мустақил тайин этиш ҳуқуқини ҳам қўлга киритган.

Икки янги фармоннинг ўзи эса, Туркиянинг Т.C. Resmi Gazete расмий интернет нашрида эълон қилинган.

Ўз хизмат вазифасидан озод этилганларнинг барчаси АҚШда ўз ихтиёри билан муҳожиратда бўлган диний уламо Фатҳуллоҳ Гуленни қўллаб-қувватлашда гумон этилишмоқда.

Туркия ҳукумати бу уламони сўнгги давлат тўнтариши ҳаракати ортида турганликда айблайди, аммо Фатҳуллоҳ Гуленнинг қатъиян рад этишича, бу ҳодисага ўзининг ҳеч бир алоқаси йўқдир.

Аммо шу йил июл ойида юз берган ушбу воқеа ортидан Туркия ҳукумати кенг кўламли " тозалаш амалиётлари"ни бошлаб юборган.

Ўтган бир ойнинг ўзида 80 мингдан ортиқ ҳарбий, ҳакам, университет деканлари, ўқитувчилари ва журналистлар худди шундай гумон билан ўз вазифаларидан четлатилишган. Икки мингдан ортиқ ташкилот эса, ёпилган.

Амалга ошмаган давлатни тўнтариш уриниши билан боғлиқ тергов иши доирасида 35 мингдан ортиқ киши қўлга олинган, уларнинг ярмидан кўпроғи расман ҳибс этилганлар.

  • Ўз фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си Ўзбек хизматининг Whatsapp, Telegram ва Viber орқали билдирмоқчи бўлсангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.