Озарбайжондаги ҳибсларни Туркиядаги ҳодисаларга боғламоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Озарбайжонда мухолифат фаолларининг ҳибсга олиниши Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш билан боғланмоқда.

Кузатувчилар фикрича, "гуленчилар"га алоқадорлик айбловлари билан Озарбайжон ҳукумати референдум арафасида мухолифат овозини бўғишни мақсад қилган.

Август ойи бошидан буён Озарбайжонда бир неча таниқли фаоллар ҳибсга олинганлар.

Хусусан, "Real"(Республика алтернативаси" мухолифат гуруҳининг қатор аъзоларига турли хил айбловлар илгари сурилган.

"Real" етакчиларидан бири Нотиқ Жафарли 4 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилган, маҳкама уни "жиддий оқибатларга олиб келадиган ёки референдум ва сайлов натижаларига таъсир кўрсатадиган таҳқирлаш"да айбдор деб топган.

N!DA деб номланган ижтимоий ҳаракатнинг ҳам бир неча аъзоси ҳибсга олинган, лекин уларнинг яқинлари бу ҳақда хабар тарқатмасликни маъқул кўрганлари маълум бўлган.

"Озарбайжон Халқ жабҳаси"нинг аъзоси Маъсуд Ризолининг ҳам 12 август куни қўлга олингани эълон этилган, у ва яна қатор мухолифатчиларни полицияга бўйсунмаслик банди бўйича қисқа муддатга қамаганлар.

Кўпчилик ушбу ҳибсларни ҳукуматнинг 26 сентябрга мўлжалланган референдум олдидан мухолифатнинг "овозини ўчириш" деб баҳоламоқда.

Бу референдумга Озарбайжон конституциясига ўзгартириш киритиш масаласи қўйилган.

Хусусан, президентлик ваколати муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириш, президентга муддатидан олдинги парламент сайлови ўтказиш рухсатини бериш, 18 ёшга тўлган шахснинг ўз номзодини парламент депутатлигига илгари суриш, вице-президент лавозимини жорий этиш таклифлари илгари сурилмоқда.

Туркиядаги давлат тўнтаришига уриниш ортидан Озарбайжонда ANS телеканали лицензияси тортиб олинган.

Бундан олдин телеканал АҚШда истиқомат қиладиган ва Туркия ҳукумати давлат тўнтаришига уриниш ортида турганликда айблаётган дин пешвоси Фатҳуллоҳ Гулен билан интервюни намойиш этишни режалаётгани ҳақида эълон қилган.

Barish TV сунъий йўлдош телеканали фаолияти ҳам тўхтатилган, Озарбайжон мухолифати вакилларининг "Озарбайжон соати" деб номланган кўрсатувни эфирга бериб келган телеканал ходимларини "гуленчилар"га алоқадорликда айблашган.

Туркия сунъий йўлдош каналларидан бири "Озодлик" радиосининг Озари хизмати эшиттиришларини эфирга узатиб келарди, давлат тўнтариши ҳодисалари ортидан бу эшиттиришлар сабаби тушунтирилмасдан тўхтатилган.

АҚШ Давлат департаменти Озарбайжондаги ҳибслардан хавотириб билдириб баёнот эълон қилган.

Давлат департаменти Озарбайжон конституциясига таклиф этилаётган ўзгартиришларни Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Венеция комиссияси билан биргаликда муҳокама этишга чақирган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз:+44 78-58-86-00-02
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.