Токиода учрашгунча!

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Рио-2016 номи билан танилган Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги XXXI Ёзги Олимпиадасининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Бразилияга хос шўх мусиқа ва Самба рақсларига бой уч соатлик ёпилиш маросими 21 августдан 22 августга ўтар кечаси "Маракана" стадионида ўтказилди.

Халқаро Олимпия Қўмитаси Президенти Томас Бах Рио Олимпидасини "ҳайратланарли Олимпия Ўйинлари" деб таърифлади.

Бу Ернинг Жанубий ярим шарида ташкиллаштирилган биринчи, Лотин Америкасидаги эса иккинчи олимпиада бўлди.

Рио-2016 Олимпиадаси 5 августдан 21 августгача - 16 кун давом этди.

Унда рекорд даражада кўп - 207 мамлакатдан 11303 спортчи қатнашди.

Рио Олимпиадасида илк бор Косово ва Жанубий Судан спортчилари ҳам иштирок этдилар.

Рио-2016 қатор можаролар билан бошланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Бразилиянинг ўзида сиёсий инқироз юзага келган, коррупция жанжали сабаб президент Дилма Русефни май ойида вақтинча лавозимидан четлатдилар.

Олимпия Ўйинлари машъаласини вице-президент Мишел Темер очиб берди.

Минтақада Зика вируси тарқалгани ҳам Бразилиядаги ўйинлардан олдин хавотирларга сабаб бўлди.

Олимпиада арафасида Россияда спортчиларнинг допинг қўллаши давлат миқёсида қўллаб-қувватланади, деган хулосага келинган ҳисобот эълон қилинди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Мамлакатдаги камбағаллик ва жиноятчилик даражаси баланд бўлгани спортчилар ва меҳмонларнинг кўчаларда эмин-эркин сайр қилишларига тўсқинлик қилгани айтилди.

Барча қусурларига қарамасдан, Бразилия Олимпиадаси ёрқин ва эсда қоларли олимпиадалардан бири бўлди, деб ҳисоблашади кўпчилик.

Рио Олимпиадасида 306 олтин медал қўлга киритилди.

Энг кўп медалларга АҚШ спортчилари эга бўлдилар.

АҚШ ҳисобида 121, олтин медалларининг сони кўплиги бўйича иккинчи ўринда бўлган Британияда 67, Хитойда 70, Россияда 56, Олмония ҳисобида 42 медал тўпланди.

Медалларининг кўплиги бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Ўзбекистонлик спортчилар 4 олтин, 2 та кумуш, 7 та бронза, жами 13 медал билан 207 мамлакат орасида 21-ўринни эгаллади.

"Маракана" стадионидаги ёпилиш маросимида олимпиада эстафетаси 2020 йилдаги Токиога топширилди.

Стадионда Япония Бош вазири Шинзо Абэ Япониянинг Нинтендо ширкати томонидан ишлаб чиқарилган ва видеоўйинлар тарихида энг машҳур бўлган Марио ролида пайдо бўлди.

Спортчилар, шарҳловчилар, сиёсатчилар ва томошабинлар "Токиода учрашгунча!", дея хайрлашдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.